Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Қўштепа туманидаги «Фергана Глобал Техтиле» МЧЖ раҳбари Мўминжон Раззоқовнинг онаси Ҳовахон Мадаминовага фидойи фарзанд тарбиялагани учун миннатдорлик билдирди ва Malibu автомашинаси совға қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Қўштепа тумани пахта тайёрлаш йиллик режасини мамлакатда биринчилардан бажарган эди.

Туман деҳқонлари бугунгача режадаги 19900 тонна ўрнига 21700 тоннадан зиёд пахта хирмонини уюшга эришди. Бунда «Фергана Глобал Техтиле» МЧЖ ва унинг раҳбари Мўминжон Раззоқовнинг ҳиссаси катта. Мўминжон Раззоқов кластер усулида пахта етиштирган қўштепалик деҳқонларни эрта баҳордан зарур техник воситалари, етарли миқдорда кимёвий ва минерал ўғит, биологик ишлов бериш воситалари билан ўз вақтида таъминлаб турди.

«Агар илгари фермер хўжаликлари иш юритишда банк кредитига боғлиқ бўлган бўлса, энди бу вазифани кластер ташкилотчиси ўз зиммасига олди. Айниқса, етиштирган пахтани йиғиб-териб олиш чоғида юксак ташкилотчилик кўрсатди. Кунлик иш ҳақи тўлаш тизими ташкил этилди. Натижада Қўштепа тумани бугунгача режани 110 фоизга бажарган бўлсада, даладаги ҳосилни тўлиқ йиғиб олгач, яна камида 10 фоизлик ўсишга эришиши кутиляпти», — дейилади ахборот хизмати хабарида.