Бугун Нобель ҳафталигининг иккинчи кунида, физика соҳаси бўйича жорий йилги мукофот эгалари маълум қилинди. Швеция Қироллик Академияси аъзоларидан иборат ҳайъат «Коинотнинг тадрижий эволюцияси ва Ернинг Коинотдаги ўрнини тушунтириб бергани учун» таърифи билан, Жеймс Пиблсга тенг ярим улуш билан, ҳамда, «физик космология соҳасидаги назарий кашфиётлари учун таърифи» билан Мишель Майорга чорак улуш билан, ҳамда, «Қуёш туридаги юлдуз атрофида айланаётган экзосайёрани кашф қилгани учун» таърифи билан Дидье Келозга чорак улушдан тақсимлаб бериладиган бўлди.

Демак, бу йилги Нобель мукофоти Коинотнинг ўтмиши ҳамда, Коинот илк пайдо бўлган замонлардаги структурасини назарий жиҳатдан асослаб берган олимга, ҳамда, Қуёш системасидан ташқарида, лекин, Қуёш билан бир хил турда бўлган юлдуз атрофида айланадиган экзосайёрани кашф қилган олимга берилди.

Фото: Нобель қўмитаси

Жеймс Пиблс 1960 йиллардан буён, Коинотдаги миллиардлаб галактикаларни ва галактика тўдаларини тадқиқ қилиб келади. Коинотнинг тадрижий ривожланиши тарихи борасидаги бугунги кун физикаси эгаллаган билимларнинг аксарияти Улкан Портлашдан бошлаб, кейинги муттасил кенгайиши ва ҳозирги ҳолатга етиб келиши жараёнларини ўз ичига олади ва ушбу жараёнларнинг назарий асосларини замонавий физика айнан Пиблснинг илмий ишлари орқали билиб олган. Айнан Пиблснинг ишлари орқали биз, ўзимизни ўраб турган атроф Коинотнинг структураси ҳақида билимларни қўлга киритдик ва хусусан, биз таниган ва билган оддий материя Коинотнинг атиги ≈5 фоизини ташкил қилишини, қолган 95% Коинот эса биздан махфий бўлган ҳамда, замонавий физика англай олмаётган мавҳум материя ва мавҳум энергиядан иборат эканлигини билиб олдик. Замонавий физика ечиши керак бўлган энг асосий масалалар ҳозирда айнан шу – мавҳум материя ва мавҳум энергия масалалари бўлиб турибди.

Мишель Майор ва Дидье Келоз эса ўзимизнинг Сомон Йўли галактикасини тадқиқ қилишган. Улар экзосайёраларни излаш билан машғул бўлишган. 1995 йилда ушбу олимларнинг сайи-ҳаракатлари натижасидан одамзот илк бора Қуёш системасида ташқарида ҳам, бошқа юлдузлар атрофида ҳам сайёралар мавжудлигини билиб олди. Ўшанда, бу олимлар, илк бора Қуёш типидаги юлдуз атрофида айланаётган экзосайёрани кашф қилишган эди. Дидье Келоз ва Мишель Майорларнинг мазкур кашфиёти астрофизика соҳасида инқилоб ясади ва аслида, бизнинг Ер каби сайёралар Коинотда миллиардлаб сонда мавжудлигини кўрсатиб берди. Ҳозирда, астрономия 4000 дан зиёд экзосайёрани аниқлаган. Улардан аксарияти тузилиши ва ўз юлдузига нисбатан жойлашувига кўра бизнинг Ер сингари бўлиб, уларда ҳаёт мавжуд бўлиши эҳтимолини фан истисно қилмаётир. Бу кашфиётлар ортида, астрономияда шунингдек, сайёраларнинг пайдо бўлиши ва шаклланишига оид янги назариялари ҳам туғилди.

Бу йилги физика бўйича Нобель лауреатлари бизнинг Коинот ҳақидаги тасаввурларимизни ўзгартиришди, аниқроғи, уни янада бойитишди, Жеймс Пиблснинг назарий кашфиётлари Коинотнинг улкан портлашдан кейин қай тариқа ривожланганлигини очиб берган бўлса, Мишель Майор ва Дидье Келоз Коинот сарҳадларидан янги сайёраларни излашган ва муваффақият билан бир неча экзосайёраларни аниқлашган.