Instagram фойдаланувчининг лайклари, изоҳлари ва янги обуначилари ҳақидаги маълумотлар бўлган following («Обуналар») ёрлиғидан воз кечмоқчи. TJournal’нинг ёзишича, бу функция бир ҳафта ичида йўқолади.

Фото:  BuzzFeed News

Маълум бўлишича, айрим фойдаланувчиларда бу ёрлиқ 2019 йилнинг августидаёқ йўқолган. Энди компания following барча фойдаланувчилардан йўқ бўлишини тасдиқлади. Шундан сўнг юракчани босганда экраннинг пастки қисмида фойдаланувчи аккаунти билан боғлиқ ҳаракатларгина кўринади.

Компания бу функциядан тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида воз кечмоқда. Instagram бўйича менежер Вишал Шаҳнинг сўзларига кўра, кўпчилик фойдаланувчилар бу ёрлиқ ҳақида билмаган ва шу сабабли ундан фойдаланмаган. Шаҳ бундай қарорни ижтимоий тармоқ интерфейси соддалаштирилиши билан изоҳлаган.

«Одамлар ҳар доим ҳам уларнинг фаолияти бошқа фойдаланувчиларга кўринишини билмайди. Бундан чиқди, ушбу функция ҳар доим ҳам белгиланган мақсадда фойдаланилмайди. Уларнинг ҳаракатлари дастурда акс этиши одамларда таажжуб уйғотади», — дейди Вишал Шаҳ.

Instagram following ёрлиғини 2011 йилда ишга туширган. Ўша пайтда бу функция янги контентни излаш воситаси сифатида хизмат қилган, лекин энди бу вазифани «Излаш» тугмасини босганда чиқадиган қизиқарли постлар бажармоқда. Following орқали эса фойдаланувчилар ўз шериклари ва дўстларининг фаолиятини кузатишни бошлади.