Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тутинган ота-оналар курсларини ташкил этиш, салоҳиятли васийлар ва ҳомийлар, оилавий болалар уйлари тарбиячи ота-оналарини танлаш, кузатиб бориш ҳамда назорат қилиш тартиби тасдиқланди. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.

Фото: Getty Images

2019 йил 1 ноябрдан бошлаб меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчаларида тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари ташкил этилади. Туман (шаҳар) ҳокимликлари курсларнинг муасислари бўлади. Нодавлат ташкилотлар ва жисмоний шахслар ҳам Халқ таълими вазирлиги ва маҳаллий ҳокимликлар билан келишган ҳолда тайёрлов курсларини ташкил этиши мумкин.

Курслар етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялаш учун оилага қабул қилаётган (патронат) ёки оилавий болалар уйига олаётган шахслар (тутинган ота-оналар) учун мўлжалланган. Машғулотларни ижтимоий муаммолар соҳаси мутахассислари олиб боради, улар бўлғуси тутинган ота-оналарга ҳуқуқий, психологик-педагогик ва тиббий ёрдам кўрсатади.

Ўқиш тугаганидан кейин тингловчиларга сертификат берилади. 2020 йил 1 январдан бошлаб тутинган ота-оналарни танлаш фақат бундай ҳужжатга эга бўлган шахслар орасида ўтказилади.

Курсларнинг бўлғуси тингловчилари унинг негизида бепул, ишдан ажралмаган ҳолда ўқитиш амалга ошириладиган давлат тарбия муассасаси директорига номига ариза беришлари лозим. Ҳафталик ўқув юкламаси 36 соатдан кўп эмас. Машғулотлар 5 кишидан 22 кишигача бўлган академик гуруҳларда маъруза, семинар, амалий машғулот, кўчма машғулот, тажриба алмашиш шаклларида олиб борилади.

Ўқиш тугаганган кейин махсус шакллантириладиган комиссия суҳбат ўтказади, унинг натижаларига кўра тингловчиларга 3 йил муддатга сертификат берилади. Ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугагандан кейин курсдан қайта ўтиш лозим бўлади.