Ўзбекистон фуқароларининг 6,2 миллион нафари 2019 йилнинг январь—июнь ойларида хорижий мамлакатларга ташриф буюрди. 2018 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 7 миллион кишини ташкил этган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.

2019 йил январь—июнь ойларида Ўзбекистон фуқароларидан 5,9 миллион киши МДҲ давлатларига ташриф буюрган бўлиб, уларнинг 3,3 миллиони қариндошларини йўқлаш мақсадида, 1,9 миллион киши ишлаш мақсадида, 60,4 минг нафари эса сайёҳлик мақсадида мазкур мамлакатларга борган.

Мазкур давр ичида чет элга кетган ўзбекистонликларнинг сафар мақсадлари бўйича тақсимланганда, уларнинг 54,5 фоизи қариндошларини йўқлаш, 31,5 фоизи ишлаш, 3,1 фоизи доимий яшаш, 3,9 фоизи сайёҳлик мақсадида, 0,8 фоизи хизмат юзасидан, 0,7 фоизи транзит, 0,5 фоизи ўқиш, 0,3 фоизи даволаниш мақсадида ва 4,7 % бошқа мақсадларда кетганлигини кўриш мумкин.

Узоқ хорижий давлатларга эса жорий йилнинг олти ойи давомида Ўзбекистон фуқароларидан 288,9 минг киши ташриф буюрган бўлиб, улардан 178,9 минг нафари сайёҳлик мақсадида, 41,1 минг нафари ишлаш мақсадида хорижга чиқиб кетган.

Чет элга кетган ўзбекистонликларнинг асосий қисми, яъни 44,8 фоизи Қозоғистонга борган. Қирғизистонга ташриф буюрганлар 26,9 фоизни, Россияга сафар қилганларнинг улуши эса 11,9 фоиз ёки 736,6 минг кишини ташкил қилган. Тожикистонга 673,6 минг, Туркманистонга 47,8 минг ўзбекистонлик ташриф буюрган.

Узоқ хорижий мамлакатларга кетган Ўзбекистон фуқароларининг асосий қисми, яъни 98,8 минг киши Туркияга ташриф буюрган. Рўйхатнинг кейинги қаторларидан Жанубий Корея (41,6 минг киши), БАА (29,2 минг киши), Саудия Арабистони (25,2 минг киши), Хитой, Ҳиндистон ва АҚШ (мос равишда 15,9, 13,9 ва 10,6 минг киши) жой олган.