Афғонистонда ўтган президентлик сайловларининг дастлабки натижалари аввал маълум қилинганидек икки ҳафтада эмас балки ушбу муддатдан ҳам кечроқ эълон қилиниши мумкин. Бу ҳақида Мустақил сайлов комиссияси ходими Мавлон Муҳаммад Абдулла маълумотига асосланиб «Afghanistan.ru» хабар берди.

Фото: Reuters

Сайловлар ўтказилганидан кейин 28 сентябрда сайловчиларнинг рўйхатдан ўтганини тасдиқловчи биометрик қурилмалардаги маълумотлар Мустақил сайлов комиссиясига тақдим қилиниши бошланганди.

Расмий ахборотга кўра, маълумотлар базасига сайлов участкаларидаги 26 568 қурилмадан маълумотлар келиб тушиши лозим. Мавлон Муҳаммад Абдулланинг сўзларига кўра, айни вақтда 22 400 қурилмадаги маълумотлар олинган ва яна 14 мингтадаги ахборотлар базага жамланиши лозим.

Аввалига сайловлар ниҳоясига етгач маълумотларни интернет орқали базага келиб тушиши режалаштирилганди. Аммо сайловлар ўтказилганига бир ҳафта бўлган бўлса ҳам базадаги маълумотлар охиригача умумлаштирилгани йўқ. Мустақил сайлов комиссияси котибияти раҳбари Ҳабиб ур-Раҳмон Нанг бунга интернет тармоғидаги узилишлар сабаб бўлганини маълум қилган. Натижада турли сайлов участкаларидаги барча қурилмалар комиссияга кўчириб олиб келина бошланди.

«Бу муаммоли масала эмас, амалда барчаси содда кўринади. 5 октябрда 26 минг биометрик қурилма комиссия ихтиёрига етказилган. Биз қурилмаларни олганимизга энди уч кун бўлди», — дейди Ҳабиб ур-Раҳмон Нанг.

Афғонистон таҳлилчилари маълумотларнинг узоқ вақтда — битта қурилмадан юклаб олишнинг ўзига тахминан бир соат вақт сарфланаётганига эътибор қаратган.

Дастлаб ишлаб чиқилган тақвим бўйича сайловларнинг дастлабки натижалари 19 октябрда, якуний натижалари эса 7 ноябрда эълон қилиниши кўзда тутилган, бироқ маълумотларни умумлаштиришга кўп вақт кетаётганини инобатга олган ҳолда ушбу саналар кечикиши мумкин.

Аввал Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани мамлакатнинг янги президенти яқин уч ҳафта ичида қасамёд қилишини айтганди.