Андижон туманида 27 нафар фуқаро овқатдан заҳарланди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: Google Images

Қайд этилишича, 8 октябрь куни соат 20:30 да Андижон туман юқумли касалликлар шифохонасига 4 нафар фуқаро кўнгил айниши, қайд қилиш, бош оғриши, умумий ҳолсизланиш, ич кетиши, ошқозон соҳасида оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши каби шикоятлар билан мурожаат қилган.

Шу куни соат 24:00га қадар фаол аниқлаш йўли билан яна 23 нафар фуқаро «овқат токсикоинфекцияси» бирламчи ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Жами 27 нафар фуқародан 24 нафари туманнинг 35-мактаб ўқувчилари, 1 нафари синф раҳбари, 1 нафари мактаб ўқувчисининг онаси — туғилган кун муносабати билан торт тайёрлаб олиб борган, яна 1 нафари эса шу синф ўқувчиси уйдаги кичик ёшдаги синглисига тортдан берганлиги натижасида заҳарланиш қайд қилинган.

Қайд этилишича, ҳозирда шифохонада 12 нафар бемор даволанмоқда, 15 нафарига эса аҳволи яхшилангани сабабли уйига рухсат берилган. Барча беморлардан олинган ажратмалар вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази лабораториясида текширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Самарқандда 24 киши хот-дог ва шаурмадан заҳарлангани ҳақида хабар берилганди.