Аввал хабар берганимиздек, Стокгольмда Швеция қироллик академияси томонидан жорий йилги физика бўйича Нобель мукофоти эгалари эълон қилинди. Унга кўра, «Коинотнинг тадрижий эволюцияси ва Ернинг коинотдаги ўрнини тушунтириб бергани учун» таърифи билан АҚШнинг Принстон университети профессори Жеймс Пиблсга тенг ярим улуш билан, «физик космология соҳасидаги назарий кашфиётлари учун» таърифи билан Женева университети олими Мишель Майорга чорак улуш билан ҳамда «Қуёш туридаги юлдуз атрофида айланаётган экзосайёрани кашф қилгани учун» таърифи билан Кембриж университети профессори Дидье Келозга чорак улушдан тақсимлаб бериладиган бўлди (у, шунингдек, Женева университети профессори ва Мишель Майор билан бирга ишлайди).

Демак, бу йилги физика бўйича Нобель эгаларининг барчаси астрофизика соҳасидан бўлиб, уларнинг илмий ишлари орқали коинот ўтмиши ва структураси назарий тушунтирилиши ҳамда Қуёш системасидан ташқаридаги илк экзосайёранинг кашф қилиниши сингари муҳим тарихий илмий ютуқлар қўлга киритилган.

Жеймс Пиблснинг физик космология борасидаги тадқиқотлари мазкур соҳадаги тадқиқотларнинг сўнги эллик йилликдаги эришган натижаларининг барчасига алоқадордир. У орқали космология қандайдир ғирт назарий хомхаёл бўлган мужмал фикрлар жамланмасидан иборат бўлган ва исталган одам «чайқовчилик» қилиши мумкин бўлган мавҳум фандан аниқ далиллар ва илмий исботланган назарияларга таянадиган замонавий илмий йўналишга айланди. Пиблснинг коинотнинг тадрижий тараққиёти ва структурасига оид 1960-йилларда ўртага ташлаган назариялари, бутун бошли замонавий космология фанининг ва коинот ҳақидаги билимларимизнинг асосини ташкил қилади.

Пиблс таклиф қилган космология назарияси орқали бундан тахминан 14 миллиард йил муқаддам содир бўлган Катта портлаш ҳодисасидан кейинги коинотнинг ривожланиш модели, унинг кейинги муттасил кенгайиб ва совиб бориши, натижада ҳозирги биз билган кўринишга келиши жараёнлари илмий изчиллик билан ёритиб берилган. Унга кўра, коинот ўшандан буён бетўхтов, тезланиш билан кенгаймоқда ва совиб бормоқда. Катта портлаш содир бўлган вақт моментида эса коинот фавқулодда катта зичликка эга бўлган ва фавқулодда улкан, тасаввурга сиғмас ҳароратда бўлган. Катта портлашдан атиги 400 минг йил ўтиб коинот шаффофлашиши ва ёруғлик нурлари фазо бўйлаб тарқалиши бошланган. Ҳатто ҳозир ҳам коинотнинг ўша 14 миллиард йил муқаддам портлашидан ҳосил бўлган нурланишларни ён-атрофимизда ҳис қилишимиз мумкин. «Реликт нурланиш» деб номланадиган сезилар-сезилмас коинот нурланишлари ўша коинот пайдо бўлиши лаҳзасида ҳосил бўлган ва тарқалган нурланишларнинг акс-садосидир. Унинг тўлқинларида эса коинотнинг яна кўплаб сирлари кодланган бўлиши мумкин ва уни сирини очиш физикларнинг навбатдаги изланишлари учун мавзу бўлиши мумкин.

Жеймс Пиблс ўзи ишлаб чиққан назарий ёндашув воситалари ҳамда ҳисоб-китоблар орқали коинотнинг илк пайдо бўлган чақалоқ даври ҳамда унинг кейинги тадрижий ривожланиш босқичларини изчил кетма-кетлик билан тушунтириб берди ва улар орқали фан учун инқилобий бўлган, ечилиши лозим бўлган янги физик масалаларни юзага олиб чиқди. Хусусан, унинг илмий ишлари орқали биз кундалик кўриб, билиб турган, ушлаб кўришимиз ва ҳис қилишимиз мумкин бўлган оддий материя – аслида коинотнинг жуда-жуда кам улушини – атиги тахминан 5 фоиз қисмини ташкил қилар экан холос. Қолган 95 фоиз коинот эса бизга номаълум ва мавҳум бўлган, на ўзимиз бирорта сезги аъзоларимиз орқали сезолмайдиган, на ясаган асбоб-ускуналаримиз орқали пайқаш мумкин бўлмаган мавҳум материя ва энергиядан иборат экан. Бу эса замонавий физика фанида марказий масалага айланиб улгурди ва жаҳоннинг минглаб илмий лабораторияларида етук физиклар энди ўша мавҳум материя ва мавҳум энергияни пайқаш, унинг нима эканлигини аниқлаш устида изланмоқдалар. Шубҳасизки, мавҳум материя ва мавҳум энергия борасида илк кашфиётларни қилган олимлар ҳам қачонлардир физика бўйича Нобелга эришиши тайин.

Фото: Нобель қўмитаси

1995 йилнинг октябрь ойида олимлар Мишель Майор ва Дидье Келоз тарихда илк бор Қуёш системасидан ташқарида, бошқа юлдузлар атрофида ҳам сайёралар мавжудлигини аниқлаган. Ўша йиллари улар ўз галактикамиз бўлмиш Сомон йўлида жойлашган ва физик параметрларига кўра Қуёшга ўхшаш бўлган юлдузлар яқинидан сайёраларни излаш билан машғул бўлган эди. Франция жанубидаги Юқори Прованс расадхонасида олимлар 1995 йилнинг октябрида махсус тайёрланган илмий ускуналар воситасида Пегас юлдузи яқинида биринчи экзосайёрани кузатишга муваффақ бўлган. Ҳозирда улар кашф қилган ўша илк экзосайёра 51Pegasi b деб номланади. Сайёра ўлчамларига кўра Қуёш системасининг энг йирик сайёраси – Юпитерга ўхшашдир.

Фото: Нобель қўмитаси

Ўша кашфиётдан кейин ўтган 15 йилга яқин вақт ичида Сомон йўли галактикасининг ўзида 4 мингдан зиёд экзосайёра аниқланди. Очилаётган янги экзосайёралар ўлчамлари ва орбитасининг ажабланарли шакллари билан астрономларни ҳайратга солишда давом этмоқда. Натижада астрономлар сайёраларнинг пайдо бўлиши ва шаклланишига оид эски назарияларини қайтадан кўриб чиқишига тўғри келмоқда. Боз устига, ушбу йўналишдаги тадқиқотлар охир-оқибат биз учун жуда муҳим бўлган фундаментал саволга жавоб топилишига кўмак бериши лозим. Бу «Ердан бошқа сайёраларда ҳам ҳаёт борми?» деган савол бўлиб, яқин орада бу борада ҳам инқилобий янгиликлар бўлиб қолиши мумкин.

Жорий йилги лауреатлар бизнинг коинот ҳақидаги тасаввурларимизни янада бойитди. Жеймс Пиблснинг назарий кашфиётлари коинотнинг Катта портлашдан кейинги тадрижий ривожланиши жараёнларини асослаб берган бўлса, Мишель Майор ва Дидье Келоз галактикамиз қаъридан бизникига ўхшаш сайёралардан бир неча мингтасини топиб берди. Бу кашфиётлар туфайли инсониятнинг олам тузилиши ҳақидаги тасаввурлари бутунлай ўзгариб кетди.

Лауреатлар ҳақида қисқача маълумот:

Жеймс Пиблс 1935 йилда Канаданинг Виннипег шаҳрида туғилган. 1962 йилда АҚШнинг Принстон университетида PhD даражасини қўлга киритган. Ҳозирда ушбу университетда Альберт Эйнштейн илм профессори саналади;

Мишель Майор 1942 йилда Лозаннада туғилган. PhD даражасини 1971 йилда Женева университетида эгаллаган. Ҳозирда Женева университети профессори;

Дидье Келоз 1966 йилда туғилган. 1995 йилда Женева университетини тамомлаган. Ҳозирда ушбу университет профессори бўлиб, шунингдек, Кембриж университети профессори мақомига ҳам эга.

Музаффар Қосимов тайёрлади.