Даниядаги парламент йиғилишларидан бирида цирк филлари ва туя сабабли кулги кўтарилди, деб ёзмоқда Meduza. Бунга янги бош вазир Метте Фредериксеннинг Дания циркидаги сўнгги 4 та филни сотиб олгани ҳақидаги ҳикояси сабаб бўлди.

Фото: Berlingske

Қайд этилишича, ўтган йили Дания циркларда ҳайвонлардан, шу жумладан, филлардан фойдаланишни тақиқлаган. Энди ҳукумат ҳайвонларнинг кейинги тақдири яхши ўтиши учун уларни сотиб олмоқда.

Сўнгги 4 та фил учун давлат бюджетидан 11 миллион дания крони (1,6 миллион евро) сарфланган. Бироқ кутилмаган ҳолат содир бўлган. Маълум бўлишича, филлардан бири туя билан анча йилдан бери дўст бўлган. 2010 йилда улар ўша пайтда яшаган Деннеборг шаҳри цирки ҳақидаги ҳужжатли фильмда ҳам бирга чиққан. Шундан буён уларнинг муносабати мустаҳкамланиб борган.

Бош вазир уларни ажратмаслик кераклигини айтишгани учун туяни ҳам сотиб олишга тўғри келганини айтган ва ўзини кулгидан тўхтата олмаган. Унга қўшилиб бутун парламент ҳам кулиб юборган.

Хабарда айтилишича, яқин кунларда филлар ва туя янги жойга кўчирилади — ҳукумат энг яхши шароит билан таъминланган парк ёки ҳайвонот боғига уларни текинга бериб юборади.