Жорий йилнинг январь—июнь ойларида Ўзбекистонга келган чет эл фуқаролари сони 3,7 миллион кишини ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 971,9 минг кишига кўп бўлиб, 35,7 % га ортган. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълумотларига таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.

Фото: ЎзА

МДҲ давлатларидан Ўзбекистонга 3,4 миллион киши ташриф буюрган бўлиб, уларнинг 2,5 миллиони қариндошларни йўқлаш мақсадида, 254,7 минг нафари сайёҳлик мақсадида, 358,9 минг нафари транзит орқали ташриф буюрган.

Мазкур давр мобайнида узоқ хорижий давлатлардан республикага 270,3 минг киши ташриф буюрган. Улардан 150 минг нафари сайёҳлик мақсадида, 26,7 минг нафари қариндошларни йўқлаш мақсадида, 14,3 минг нафари эса хизмат мақсадларида келган.

Ўзбекистонга келган чет эл фуқароларининг асосий қисмини Қозоғистон фуқаролари ташкил қилган. Уларнинг сони 1,2 миллион киши бўлиб, барча ташриф буюрганларнинг 32,1 фоизини ташкил этади. Унда кейинги ўринларда Тожикистон — 1,03 миллион киши ёки 28,0 фоиз, Қирғизистон — 680,7 минг киши ёки 18,4 фоиз, Россия — 260,4 минг киши ёки 7 фоиз, Туркманистон — 233,4 минг киши ёки 6,3 фоиз ва Беларусь — 9,1 минг киши  ёки 0,2 фоиз билан жойлашган.

Узоқ хорижий давлатлардан Ўзбекистонга келган чет эл фуқароларининг асосий қисмини Туркия фуқаролари ташкил қилган. Туркиядан 49,3 минг киши ташриф буюрган. Хитойдан 26,9 минг, Жанубий Кореядан 18,6 минг, Ҳиндистондан 16,8 минг, Германиядан 11,7 минг, Япониядан 9,5 минг киши, Франция, Италия ва Исроил давлатларидан мос равишда 9,3, 8,8 ва 6 минг киши ташриф буюрган.

Мамлакатга келган чет эл фуқароларининг асосий қисми, яъни 68,6 фоизи қариндошларни йўқлаш мақсадида ташриф буюрган. Ўзбекистонга келган чет элликларнинг 10,9 фоизини сайёҳлар ташкил қилган бўлиб, уларнинг сони қарийб 405 минг кишини ташкил қилган.

Жорий йилнинг биринчи ярмида ташриф буюрган хорижликларнинг 55 фоизини эркаклар, 45 фоизини эса аёллар ташкил этади.