АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Оқ уйнинг Дональд Трампнинг импичмент жараёни бўйича ҳамкорлик қилишдан бош тортишини демократияга хиёнат деб атади. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар бермоқда.

Фото: AP

Унинг фикрича, Дональд Трампнинг ҳаракатлари миллий хавфсизликка таҳдид солади.

«Президентнинг ҳаракатлари бизнинг миллий хавфсизлигимизга таҳдид солади, Конституциямизни бузади ва сайловларимиз ҳаққонийлигига путур етказади. Оқ уйнинг хати унинг демократиямизга хиёнатини яширишга сўнгги уриниш ва президент қонундан устун эканлигини таъкидлашдир», — деган Нэнси Пелоси.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, Оқ уйнинг хати 2020 йилги сайловларга аралашмаслиги учун АҚШ маъмуриятининг бошқа давлатларга нисбатан тазйиқларини яширишга уринишдир.

Пелосининг таъкидлашича, АҚШ президенти ўз хизмат мавқеини суиистеъмол қилди ва «конституцияни ҳимоя қилиш ва уни сақлаб қолиш» ҳақидаги ваъдасини бузди.

«Жаноб президент, қонундан устун эмассиз. Сиз жавобгарликка тортиласиз», — дея сўзларини якунлаган Вакиллар палатаси спикери.

Аввалроқ Оқ уй ўз хатида президент импичменти жараёнида Конгресс демократлари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортганини маълум қилган. АҚШ президенти маъмурияти импичмент жараёнини 2016 йилги сайлов натижаларини бекор қилишга уриниш деб ҳисоблайди.

Эслатиб ўтамиз, 25 сентябрь куни АҚШ Конгресси вакиллар палатаси Трамп импичменти бўйича жараёнларни бошлаб юборганди. Бунга унинг Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон суҳбати сабаб бўлган.