Ўзбекистон илмий журналлари рецензиядан ўтказилувчи рақамли платформа — Uzbekistan Research Online тақдимот маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Лойиҳа доирасида халқаро техник стандартларга мос келувчи, рецензиядан ўтказилувчи миллий ОТМларининг илмий журналлари бутун дунёнинг 700 дан ортиқ етакчи университетлари томонидан фойдаланиладиган Digital Commons Network глобал тармоғига интеграциялашади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Elsevier компанияси (Нидерландия) ўртасида тузилган битимга кўра, компания мутахассислари томонидан миллий ОТМлари илмий журналларини бирлаштирган ҳамда икки марта аноним рецензиядан ўтказиш (double-blind peer review) конфигурациясини қўллаш имкони мавжуд бўлган ноёб платформа яратилди.

Мазкур платформадан дунёнинг нуфузли университетлари фойдаланади. Халқаро платформа Ўзбекистон илмий журналлари сифатини ошириш, олимларнинг бутун жаҳон илмий ҳамжамиятга қўшилиш имконини беради, халқаро илмий омманинг ўзбек тадқиқотлари билан танишишини таъминлайди ҳамда Scopus халқаро стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилган дастлабки электрон ресурс сифатида тарихда қолади.

Илмий журналлар рецензиядан ўтказилувчи рақамли платформанинг ишга туширилиши олий таълим муассасалари илмий журналларининг Scopus илмий-техник ахборотлар базасига киришидаги дастлабки сезиларли қадам ҳисобланади.

«Вазирлик ва Elsevier компанияси ўртасидаги ҳамкорлик меморандумига кўра, илмий журналлар бош муҳаррирларининг малакаси оширилди, нашрларнинг дизайни ва логотиплари яратилди, талаб этилган ISSN рақамлари қайддан ўтказилиб, иқтибос келтирилувчи мета-маълумотлар форматида илмий мақолалар репозиторияси яратилди», — дейилади хабарда.