Қашқадарёда даладан рухсатсиз маккажўхори терган кекса кишини ушлаб, уни неваралари олдида ҳақорат қилган Миришкор тумани ҳокими Равшан Комилов бу хатти-ҳаракати учун узр сўради. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Отабек Қўлдошев хабар бермоқда.

Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг меҳнатини инобатга олган олган ҳолда Испания давлатидан маккажўхори уруғини олиб келдик. Бир гектардан ўн тоннадан маккаси тайёр турибди. Лекин туманимизнинг экспорт салоҳияти ҳақида мен қайғурмасам, ким қайғуради? Ҳоким сифатида мен буни ҳам ўйлашим керак, тадбиркорни ҳам ўйлашим керак.

Тўғри, инсон сифатида, жаҳл устида фуқарога нисбатан ҳақорат сўзини ишлатиб қўйдим. Ҳоким сифатида, раҳбар сифатида бу сўзни ишлатмаслигим керак эди. Шунинг учун халқимиздан қўлимни кўксимга қўйиб узримни сўрайман. Бу хато-камчилигимни бошқа қайтармайман, деб ваъда бераман.

Равшан Комилов, Миришкор тумани ҳокими

Маълумот учун, Миришкор тумани ҳокими жўхори тераётган бобо ва унинг невараларини ушлаб олиб, бобони ҳақорат қилгани ҳолати юзасидан Қашқадарё прокуратураси текшириш ҳаракатлари олиб бораётгани маълум бўлган эди.