Ўзбекистонлик ёш иқтисодиётчи ва блогер Беҳзод Ҳошимов ўзининг Telegram каналида муҳокамага қўйилган Ўзбекистоннинг 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ҳақидаги фикрлари билан бўлишди. Қуйида унинг фикрлари тўлиғича келтирилган.

Фото: «Sof.uz»

Ўзбекистоннинг 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси лойиҳасини муҳокамага қўйишибди. Ҳозирча шундай муҳим лойиҳа, афсуски, фақат рус тилида ёзилган. Ўзбекча таржимаси ҳали қўйилмади.

Албатта, камида 10 йиллик ривожланиш режаси қизиқ кўриниши мумкин, лекин мен бир нарсани тушунмаяпман, бу ҳам бўлса энг муҳим ҳисоб-китобларни. Ёмон гумон, деб атайин шундай рақамлар қўйишган демайман, яхши гумон қиламан, яъни менимча хато холос.

Қаранг, режага кўра, «реал ЯИМнинг 2,1 бараварга ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМнинг 2030 йилга бориб 3 бараварга ёки 2018 йилдаги 1533 доллардан 4538 долларгача ошириш мақсад сифатида қабул қилинмоқда. Ушбу мақсадларга эришиш учун иқтисодий ўсишнинг ўртача йиллик суръатини камида 6,4 фоиз даражасида ушлаб туриш керак.

Конверт орқасида ҳисоб: агар ЯИМ 2,1 баробар ўсди дейлик, яъни бугунги кунда 50,5 миллиард доллардан 2030 йилда 106 миллиард долларга ўсди, дейлик.

Шунда йилдан йилга қанча ўсиш бўлган?

Оддий логарифмик тенглама: 50,5*(1+х)^10= 106,06. Шунда х=0,077, яъни ҳар йили камида 7,7 фоиз ўсиш керак, қисқа қилиб айтса 6,4 фоиз эмас.

Энди агар 6,4 фоиз ўсиш бўлса-чи? ЯИМ қанча бўлади?

ЯИМ: 50,5*(1+0,064)^10=93 миллиард. Бу дегани биз 2,1 баробар эмас, 1,8 баробар ўсамиз.

Лекин 1991 йилдан умумий ЯИМни ҳисобласак, тахминан 4,7 фоизга ўсиб келдик. Бу ўсишнинг катта қисми аҳоли сони ўсиши деб ҳам бўлган, яъни шу 27 йилда аҳоли тахминан 50 фоизга ўсган.

Шунинг учун йилдан йилга киши бошига қанча ўсди десак, ҳисоб-китоб қуйидагича:

652*(1+х)^27=1532, шунда х=0.032.

Қисқаси, аҳоли бошига биз мустақилликдан бери ўртача 3,2 фоизга ўсиб келдик (бу ерда битта соддалаштириш қиляпман, лекин маъно ўзгармайди). Энди шу нуқтаи назардан 7,7 фоиз ҳам 6,4 фоизга ўсишни жуда қийин деб ўйлайман. Балки эҳтимоли нолга яқин.

Охирги йилни олайлик, 2018 йилда, киши бошига ўсиш 3,3 фоиз (манба: Жаҳон Банки) бўлган, бу ҳамма катта қурилишлар билан биргаликда, туристлар ва савдо кўпайиши билан биргаликда киши бошига ЯИМ атиги 3,3 фоизга ўсган. Оддий сўз билан айтсак, 2018 йил мисли кўринмаган фискал стимуллар йили эди, шунда ҳам 3,3 фоизга ўсиш бўлди. Бу йил ҳам умумий ЯИМ 5 фоиз камга ўсади, киши бошига ҳисоблаш учун аҳоли ўсиш суръатини айириш керак. Хуллас, рақамлар тушунарсиз.

Лекин бу рақамлардан энг ғалатиси қуйидагича: режага кўра умумий ЯИМ 2,1 баробарга, киши бошига ЯИМ эса 3 баробарга ўсиши керак экан. Бу нарсанинг математик иложи йўқ. Қаранг, киши бошга ЯИМ дегани умумий ЯИМни аҳоли сонига бўлиш керак дегани:

киши бошига ЯИМ=ЯИМ/аҳоли сони

Энди сурати 2,1 баробарга ошса, маҳраж ўзгармаса ҳам киши бошига ЯИМ атиги 2,1 баробарга ўсади. Яъни бизда аҳоли 2030 йилгача ўсиб келади деб олсак, унда аҳоли бошига ЯИМ 2,1 баробардан, албатта, кам бўлади дегани. Бу арифметик хато.

Ўзи математикага қизиқмасангиз ҳам мантиқан фикрлаб кўринг, агар умумхалқ даромади 2,1 баробар ошса, қандай қилиб ҳар биримизни даромадимиз 3 баробарга ошади? Мантиқсиз-ку? Ёки аҳоли сони жиддий равишда камайиб кетади дейишмоқчими?

Яъни ўша ҳужжатдаги энг оптимистик сценарий билан 2030 йилгача, йилига ҳақиқатан тарихимизда мисли кўрилмаган иқтисодий ўсиш суръатларида ўсиб келсак ҳам 3 баробарга аҳоли бошига ЯИМ ўса олмайди. Бундан ташқари, келаси ўн йилда ҳар йили деярли 8 фоизга ўсишимиз эҳтимоли ҳам ниҳоятда паст, чунки бундай суръатда биз ҳеч қачон 3 йил ҳам ўсмаганмиз.

Яна бир янглиш гап «2030 йилга келиб аҳоли жон бошига ЯИМнинг эришилган қиймати Ўзбекистонни даромади ўртача даражадан юқори бўлган давлатлар қаторига киришга имкон беради». Бу ҳам, албатта, хато.

Биринчидан, айтганимдек ҳатто уларнинг ҳисоби бўйича ҳам уч баробарга аҳоли жон бошига ЯИМ ўсмайди. Лекин мўъжиза бўлиб, шундай бўлиб қолса ҳам унда киши бошига ЯИМ улар айтганидек, 4538 долларни ташкил этади.

Дунёнинг аҳоли жон бошига ўртача ЯИМи 11 928 доллар. Яъни энг нореалистик сценарийда ҳам ўн йилда уч баробарга киши бошига ўсиш бўлса, шунда биз ўртача дунё ЯИМидан 2,5 баробар камбағалроқ бўламиз. Бунинг устига дунё иқтисоди ҳам жойида турмайди, яъни 10 йилда дунёнинг ўртача ЯИМи ҳам анча ўсиб қолади. Ўртача даромаддан юқори давлатлар уёқда турсин, ўртачага ҳам чиқишимизга ҳали анча бор.

Биз режалар ёзганда ёлғондан тийилишимиз мақсадга мувофиқ бўлар эди. Тўғри, бизда шароит зўр эмас, лекин уни ёлғон орқали бўрттириб ёзиш умуман ҳеч кимга ёрдам бермайди. Биз кейинги ўн йилда ҳам, ҳатто йигирма йилда ҳам ўртача даромадга етишимизнинг имкони йўқ. Бу нормал нарса, буни тан олиб иш юритишимиз керак.

Хуллас, иқтисодиёт вазирлигидан тушунтириш шарҳини кутиб қоламиз.

Беҳзод Ҳошимов, иқтисодчи