Қоҳира ва Бағдод араб давлатларини Туркиянинг Суриядаги ҳарбий ҳаракатларига қарши туришга чақирмоқчи. Миср президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси ҳамда Ироқ давлат раҳбари Барҳам Солиҳ бу ҳақда ўзаро телефон суҳбати давомида келишиб олган, деб ёзмоқда «ТАСС».

Миср президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси ҳамда Ироқ давлат раҳбари Барҳам Солиҳ
Фото: Egypt Independent

«Суҳбат давомида президентлар Сурия ҳудудида содир бўлаётган воқеалар юзасидан фикр алмашди ва Туркия давлат суверинитети ҳамда ҳудудий яхлитлигига зид ҳаракатларни амалга ошираётгани, бу халқаро хавфсизлик меъёрларига тўғри келмаслигини қайд этди. Давлат раҳбарларининг фикрича, бу ҳудуддаги чигал инқироз ҳолатини баттар оғирлаштиради, Сурия хавфсизлиги ва минтақадаги вазиятга, сиёсий жараёнларга салбий таъсир кўрсатади», — дея телефон сўзлашуви мазмуни ҳақида баёнот берган Миср президентининг девонхонаси вакили Бассам Радий.

«Томонлар араб давлатларининг Туркиянинг ҳаракатларига қарши ташаббусларини икки томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда Сурия яхлитлиги ва бирлиги учун курашда ўз кучларини сафарбар қилишга келишиб олди», — дейилган баёнотда.