Наманганга АҚШнинг Мичиган университети делегацияси келди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Меҳмонларни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров қабул қилди. Мичиган университети урология факультети декани ўринбосари, профессор Ҳофиз Холид, хирургия факультети юз-жағ хирургияси кафедраси раҳбари, доцент Бренд Вард, университет қошидаги болалар госпитали доценти, педиатрия мутахассиси Шейн Кинонес ҳамда анестезиология кафедраси доценти Алишер Дадабоевдан иборат делегация билан бўлган учрашувда Наманган вилояти ҳамда ушбу университет ўртасида тиббиёт соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Меҳмонлар тиббиёт ва фармацевтика соҳасида Ўзбекистоннинг энг ривожланган вилояти бўлишга интилаётган Наманганда бу соҳада олиб борилаётган ишлар, хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда Наманган шаҳрида сентябрь ойида бўлиб ўтган халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми ҳақида маълумот олди.

Наманган вилояти тиббиёт бошқармаси ҳамда Мичиган университети ўртасида кенг қамровли ҳамда доимий ҳамкорлик қилиш борасида келишувга эришилди.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Шундан сўнг Мичиган университети вакиллари Наманган шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида ташкил этилган илмий-тиббий анжуманда иштирок этди. Унда америкалик шифокорлар маҳаллий ҳамкасблари учун урология, хирургия, педиатрия ва анестезиология йўналишларида ўзига хос маҳорат сабоқларини ўтиб берди. Бу борадаги кўплаб саволларга батафсил жавоб қайтарди.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

— АҚШга хизмат сафаримиз чоғида Мичиган университети делегациясининг Ўзбекистонга келиши борасида келишувга эришгандик, — дейди Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси Равшан Изомов. — Уларни кутиб олишга Наманган вилояти ҳокимлиги рағбат билдирди, шу боис мазкур вилоятни танладик. Ўзи миллий палата раиси сифатида ҳам Наманганга яқин орадан бери тўртинчи ё бешинчи бор келишим, чунки бу ерда тиббиёт йўналишида ўтказилаётган тадбирлар кўп. Эътиборли томони, америкалик шифокорлар ташрифида асосий урғу фақат беморлар кўригига эмас, маҳаллий мутахассисларни ўқитиш, энг илғор хорижий тажриба билан ўртоқлашишга қаратилди. Меҳмонларимиз сафида ҳамюртимиз Алишер Дадабоев ҳам борлиги, сафарни ташкиллаштиришда жонбозлик кўрсатганини эса фахр билан айтиш мумкин.

Равшан Изомов.
Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Алишер Дадабоев Андижонда туғилиб-ўсган, шу ерда тиббиёт институтини тамомлаган. Сўнг тадқиқотчи сифатида Нидерландия, Бельгия ва АҚШда малакасини оширган. Охирги 4 йилдан бери Мичиган университетида фаолият олиб бормоқда. «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси.

Алишер Дадабоев.
Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

— АҚШда фаолият олиб бораётган Марказий Осиё, хусусан, ўзбекистонлик кўплаб тиббиёт мутахассислари билан мулоқотда бўлиб тураман. Сент-Луис университети клиникаси профессори, ортопед-травматолог Йўлдош Қулжонов, Калифорниядаги тиббиёт мактаби профессори, нейрохирург Алишер Аъзамов бу ерга отланганимизни эшитиб хурсанд бўлишди, оқ йўл тилашди. Ўзимни дунёдаги энг ажойиб касб эгаси деб биламан, асосий фаолиятим ҳам алгология, яъни оғриқ қолдириш билан боғлиқ. Назаримда, шифокор фақат беморларни даволаш билан шуғулланиши лозим, қандайдир жадваллар тўлдириш ёки кимларнидир кутиб олиш-кузатиш билан эмас. Тўғри, балки бу ҳам керакдир, лекин бу билан машғул бўладиган бошқа одамлар ҳам бор. Айтмоқчи бўлганим, асосий миссиядан чалғимаслик зарур, — дейди Алишер Дадабоев.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Америкалик шифокорлар Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали, вилоят кўп тармоқли ва болалар тиббиёт марказларида бўлиб, ҳамкасблари билан мулоқот қилди, беморларни тиббий кўрикдан ўтказди.

Фото: Мичиган университети

Маълумот учун, АҚШнинг етакчи ўқув-илмий марказларидан бўлган Мичиган университетига 1817 йилда асос солинган. Ҳозирда турли мамлакатларда 460 мингдан ортиқ битирувчиси бор, бу дунё университетлари ичида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.