Спорт гимнастикаси бўйича етти карра Олимпиада ўйинлари иштирокчиси Оксана Чусовитина 2020 йил Токиода бўлиб ўтадиган Ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди, деб хабар бермоқда GoSport.

Фото: Yandex Photos

Бу натижа орқали у фаолияти давомида саккизинчи олимпиадада иштирок этадиган бўлди ва ўзининг Гиннеснинг рекордлар китобидаги рекордини янгилади.

Германиянинг Штутгарт шаҳрида бўлиб ўтаётган спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон чемпионати баҳсларининг таяниб сакраш турида иштирок этаётгаан 44 ёшли Чусовитина индивидуал баҳсларда Олимпиада йўлланмасини берувчи нормани бажарди ва саккизинчи бор бундай нуфузли турнирда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Чусовитинадан ташқари мазкур мусобақада иштирок этаётган яна бир ўзбекистонлик спортчи Расул Абдураҳимов яккалик баҳсларда қайд этган натижаси билан Олимпиада йўлланмасини қўлга киритди. Шу тариқа Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган ўзбекистонлик спортчилар сони айни вақтга келиб 10 нафарга етди.

Маълумот учун, Оксана Чусовитина 1992 йилдан бошлаб 2016 йилга қадар ўтказилган барча еттита Олимпиада ўйинларида иштирок этган. Бу спорт гимнастикаси тарихидаги энг яхши натижа бўлиб, спортчи 2016 йилда Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олганди. Олимпиадалар тарихидаги мутлақ рекордчи эса от спорти устаси канадалик Иан Миллер саналади. У 1972 йилдан 2012 йилга қадар жами 10 та Олимпиада ўйинларида иштирок этган.

Чусовитина 1992 йилда МДҲ терма жамоаси таркибида Олимпиада олтин медалини қўлга киритган. 2008 йилги Пекин Олимпиадасида эса Германия терма жамоаси сафида иштирок этиб кумуш медалига сазовор бўлган. Бундан ташқари у уч карра Жаҳон чемпиони (биттасида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида), тўртта кумуш (иккитаси Ўзбекистон терма жамоаси таркибида), тўртта бронза (учтаси Ўзбекистон таркибида) медалларини қўлга киритган. Икки карра Осиё ўйинлари чемпионлигини, тўртта кумуш ва иккита бронза медалларини қўлга киритган. Германия терма жамоаси билан эса Европа чемпионлиги ва Европа чемпионатининг тўртта кумуш медалини қўлга киритган.

Маълумот учун, Чусовитина 2020 йил 19 июнида ўзининг 45 ёшини қарши олади.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!