«Сиздан Telegram» каналида «Имом Муҳаммад қабристони узоқ йиллардан буён қаровсиз аҳволда» сарлавҳали хабар эълон қилинди. Унга кўра, Шофиркон тумани, Талижа қишлоғидаги имом Муҳаммад қабристони узоқ йиллардан буён қаровсиз аҳволда бўлган. Атрофи девор билан ўралмаган, қабристонни обод қилиш бўйича тегишли чоралар кўрилмаган.

Фото: «Дарё»

Маълумки, Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан Бухоро 2020 йилдаги Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинган. Айни вақтда шу муносабат билан вилоятда барча тарихий обидалар, муқаддас зиёратгоҳлар, шунингдек, қабристонларда кенг кўламли қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари йўлга қўйилган. Бухородаги етти пирлардан бири Хўжа Ориф Моҳитобон зиёратгоҳи жойлашган Шофиркондаги Имом Муҳаммад қабристонини ҳам сақлаш ва ободонлаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси тузилган.

Тумандаги Талижа, Сўфиён, Саврак, Боғиафзал, Жилвон қишлоқлари аҳолиси учун мўлжалланган ушбу кўҳна қабристон 2,5 гектардан иборат бўлиб, 1930 йилда ётқизилган. Қабристон жойлашган «Боғиафзал» МФЙ раиси Фурқат Қудратовнинг «Дарё» мухбирига айтишича, қабристон ҳудудини ободонлаштиришга анча олдин киришилган.

Фото: «Дарё»

2015 йилда давлат бюджетидан ажратилган 38 миллион сўм эвазига шарқий дарвозасининг ўнг томонидан 116 метригача пишиқ ғиштдан девор билан ўралган. Ҳар икки дарвозани туташтирувчи 250 метрга яқин масофага ҳам шу йил август—сентябрь ойларида алоҳида девор барпо қилинган. Ҳозирда эса 20х5 метр ҳажмдаги айвонда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Қабристоннинг ҳар икки дарвозаси оралиғидаги йўлга шағал ётқизилган. Шу жойда насос ўрнатилган ва у орқали атрофда парваришланаётган 60 тупдан ортиқ арча ва бошқа манзарали дарахтлар суғорилади. Бундан ташқари, ўтганлар хотирасига тиловат ўқиш учун ўриндиқ ва соябонлар ўрнатиш ишлари давом этмоқда.

Фото: «Дарё»

Шунга қарамай, ҳали қабристон атрофидаги қарийб 30 сотихча майдон ободонлаштирилмаган, қамиш ва шунга ўхшаш бегона ўтлар босган. Шофиркон туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Завқиддин Зойировга кўра, қабристоннинг қолган ушбу қисмини ҳам ободонлаштириш мақсадида маҳалла аҳолисини ҳашарга чорлаш таклифи берилган. Бироқ, сўнгги икки ойда ижтимоий тармоқларда Бухорода қабристонларни (жумладан, Исмом Хафси Кабир Бухорий қабристони) ободонлаштириш ва ундаги турли қурилиш ишларига одамларнинг мажбурий ҳашарга жалб этилаётгани ҳақидаги хабарлар «болалагач», иккиланишлар оқибатида Имом Муҳаммад қабристони қоровули ва бир неча кўнгиллигина ободонлаштиришга кўмак бериб турган.

Фото: «Дарё»

— Қабристонда қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари давом этяпти. Бироқ, 2,5 гектарли қабристон майдонидан 30 сотихли жойнинг қаровсиз қолдирилишига маҳалла фаоллари, ҳудуд аҳолиси ҳам жиддий эътибор қаратишлари лозим эди. Шу ҳудудда яшайдиган, зиёратгоҳ ободончилигига ўз хоҳиш-истаги билан ҳисса қўшишга кўмак бера оладиган одамларни чорладик. Энди ўзингиз ўйланг, ота-боболари ётган муқаддас қадамжони обод қилишга озми-кўпми ҳисса қўшиш қадимий урф-одат эмасми? Суратдаги тасвирлар қабристоннинг бундан икки-уч ой илгариги ҳолати. Хайрли ишларни ноўрин баҳолаш динимизга ҳам, ўзбекчилигимизга ҳам тўғри келмайди, — деди «Дарё» мухбири билан суҳбатда туман имом-хатиби Жасур Латипов.

Маълумот учун, тумандаги мавжуд 111 та қабристон таъмири ва рисоладагидек сақлаш ишларига 2018 йилда 550 миллион сўм, 2019 йилнинг шу кунига қадар эса 247 миллион сўм маблағ йўналтирилган.