Сингапур АҚШни ортда қолдириб, дунёдаги энг рақобатбардош иқтисодиётга эга давлатга айланди. Бу ҳақда Бутунжаҳон иқтисодий форумида эълон қилинган Жаҳон рақобатбардошлик индексига таяниб, Spot хабар берди.

Фото: Bloomberg

Сингапур 100 баллдан 84,8 балл тўплаган, Қўшма Штатлар эса — 83,7 балл. Учинчи ўрин Гонконгга насиб этган бўлса, тўртинчи поғонадан Нидерландия ўрин олди. Шунингдек, кучли ўнликдан Швейцария, Япония, Германия, Швеция, Буюк Британия ва Дания ўрин олган.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, АҚШ умумий жиҳатда Сингапурдан кейинги ўринда бўлишига қарамай, ҳамон дунёнинг инновация маркази ҳисобланади. Қўшма штатлар бизнес ўсиши бўйича — биринчи, инновацион имкониятларда иккинчи ва малакали ходимларни қидириш бўйича биринчи ўринда.

Индекс рақобатбардошлик алоқалари ва ривожланишнинг иккита муҳим омили — ижтимоий ҳамжиҳатлик ва экологик барқарорликдан келиб чиқиб тузилган.

Бу келажакда яшаш учун ягона вариант бўлувчи самарали, паст углеродли, инклюзив иқтисодиёт имкони бўлган «енгилмас» сиёсий макондан дарак.

Мазкур индексда жами 141 давлат қатнашган бўлиб, Марказий Осиёдан учта давлат қатнашган — Қозоғистон 55-ўринда, Қирғизистон 96-ўрин ва Тожикистон 104-ўринда. Ўзбекистон эса ушбу рўйхатда йўқ.