Миллий хавфсизлик хизмати собиқ ходими Нодир Тўрақулов ва унинг жиноий шериклари Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг ҳукми билан узоқ йилга жиноий жавобгарликка тортилган эди. Жиноят иши доирасида судланувчиларнинг жиноий йўллар билан орттирилган қатор мулклари давлат эгалигига ўтказилган, деб ёзмоқда «Xabar.uz».

Фото: «Xabar.uz»

Нашрнинг хабар беришича, ҳукм ижроси доирасида «Жарқўрғон-Сервис-Техника» МЧЖга қарашли Шўрчи туманида жойлашган автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ҳамда кўп тармоқли ёқилғи қуйиш шохобчаси МИБнинг шу туман бўлими томонидан электрон онлайн-аукцион савдосига чиқарилди.

Аввалига ушбу бино ва иншоотлар 14 миллиард сўмдан ортиқ нархга баҳоланганди. Бироқ бунча пулга сотиб оладиган харидор топилмагач, тартибга кўра, унинг нархи арзонлаштирилди.

Шу йилнинг 3 октябрь куни ўтказилган савдода эса яқин-яқингача Нодир Тўрақуловнинг қудаси Эркин Норқобиловга тегишли бўлган ушбу метан газ қуйиш шохобчаси 7,041 миллиард сўмга сотилди.