Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг «Камолон» маҳалласида 26 ёшли йигит 24 ёшли рафиқаси томонидан бўғиб ўлдирилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, бунга йигит рафиқасини сўкиб ҳақорат қилгани ва у билан ажрашмоқчи эканини айтгани, аёл бунинг учун ўч олмоқчи бўлгани сабаб бўлган. Ўзбекистон ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати «Дарё»га маълумот берди.

Тошкент шаҳар ИИББ навбатчилик қисмига 5 октябрь куни соат тахминан 4:30 да келиб тушган хабарга кўра, шу куни соат тахминан 04:15 да Шайхонтохур тумани «Катта боғ» маҳалла фуқаролар йиғини Киркий кўчасидаги хонадонлардан бирининг ётоқхонасидан шу хонадонда истиқомат қилиб келган Аббос А.нинг бўйин соҳасидан дазмол шнури билан бўғилган ҳолдаги мурдаси топилган.

Суд тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, А.А.нинг ўлими бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан бўғилишидан келиб чиққан механик асфиксия натижасида юз берган. Ҳолат юзасидан 5 октябрь куни Тошкент шаҳар прокуратурасининг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тезкор-тергов ҳаракатларида аниқланишича, Камолахон А. турмуш ўртоғи Аббос А. билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро низо сабабли уни қасддан ўлдириш ҳақида қариндоши Отабек Ҳ. билан жиноий тил бириктирган. Жиноий режаларини амалга ошириш мақсадида Отабек Ҳ. 4 октябрь куни соат тахминан 19:00 да Аббос А.нинг уйига келиб, хонадон меҳмонхонасидаги стол остига беркиниб, Камолахон А. билан бирга Аббос А.ни ўлдириш учун қулай фурсат кутган.

Отабек Ҳ. 5 октябрга ўтар кечаси соат тахминан 3:00 да Аббос А.ни ухлаган деб ўйлаб, ётоқхонага кирган, бироқ Аббос А. уйғоқ бўлгани сабабли унинг устига чиқиб, юз қисмига чап қўли мушти билан бир неча зарба берган, сўнгра олдиндан тайёрлаб қўйилган дазмол электр сими билан бўйин соҳасидан бўға бошлаган. Натижада Аббос А. Ўзига бўлаётган тажовуздан ҳимояланиб, яқин қариндошларини ёрдамга чақира бошлаган вақтда Камолахон А. ўз турмуш ўртоғининг юзига ёстиқ билан босиб, унинг нафас йўлларини беркитиб, Аббос А.ни қасддан ўлдиришган.

Сўнгра Отабек Ҳ. хонадонда бўлган марҳум Аббос А.га тегишли иккита уяли телефон аппаратлари, 500 доллар ва 110 минг сўм пулни ҳамда жиноят изларини яшириш мақсадида шериги Камолахон А.га тегишли бир дона уяли телефон аппарати ва тилла тақинчоқларни қўлга киритиб, воқеа жойидан яширинган. Камолахон А. эса жинояти фош этилишининг олдини олиш ва жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида шу кеча унга ва турмуш ўртоғига нисбатан номаълум шахслар томонидан босқинчилик содир этилганлигини айтиб, марҳумнинг ота-онасини ўйғотган.

Тергов давомида Отабек Ҳ.нинг Учтепа тумани Лолазор 1-тор кўчасидаги уйда жойлашган яшаш хонадонида тинтув ўтказилиб, Аббос А.нинг уйидан олиб кетилган тилла буюмлар ертўлага яшириб қўйилганлиги аниқланган ва ашёвий далил сифатида олинган.

Иш бўйича 7 октябрь куни Отабек Ҳ. ва Камолахон А. жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «п» банди (бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд ўша гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда қасддан одам ўлдириш) билан айблов эълон қилинган ва улар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. «Тергов ҳаракатлари давом этмоқда», — дейилади Бош прокуратуранинг «Дарё»га тақдим этилган ахборотида.