8 октябрь куни Москва вилояти Люберец туманидаги ўрмондан Ўзбекистон фуқаросининг жасади топилган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси таяниб, Ташқи ишлар вазириги хабар берди.

Фото: Zarnews

Аввалроқ, 2 октябрь куни «Томилинск электрон заводи» илмий-ишлаб чиқариш корхонаси МЧЖнинг объектларидан бирида девор қулаши натижасида Ўзбекистон фуқароси вафот этгани ва ташкилот раҳбарлари мазкур ҳолатни яширишга уринаётгани тўғрисида маълумот бор эди.

Элчихона шу ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга расмий мурожаат қилган ва бош консул Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграция агентлиги ваколатхонаси раҳбари билан биргаликда воқеа жойига борган.

Тергов органлари қидирув амалиётларини олиб борган ва марҳумнинг жасади объектдан 5 километр узоқликдан топилган. Айни пайтда тергов ва тезкор қидирув тадбирлари давом этмоқда.

Элчихона вазиятни назоратга олган ва марҳумнинг жасадини ватанга юбориш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилмоқда.