«Дарё» ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга, бироқ жамоатчилик эътиборидан кўпинча четда қоладиган касб эгалари билан суҳбат қилмоқда. «Соядаги одамлар» лойиҳасининг бу галги қаҳрамони олти йилдан буён новвойлик қилаётган йигит.

Муҳаммадали Ўринбоев Фарғона шаҳрида туғилган. Ҳозир 22 ёшда. Шаҳардаги транспорт касб-ҳунар коллежини тамомлаган. Олти йилдан бери новвойчилик қилиб келмоқда.

Меҳнатда ўтган болалик

Аслида новвойчиликка ҳеч қачон қизиқмаганман. Лекин оилавий шароитимиз туфайли болаликдан ишлашимга тўғри келган. Ўшанда опаларимнинг бўйи етиб қолган, уларни турмушга узатиш керак эди. Биласиз, водийда қиз чиқариш анча мушкул иш. Тўй қилиш ва уйимиздаги моддий етишмовчиликларда дадамга ёрдам бериш учун нон ёпиб пул топганман.

Фото: «Дарё»

Бобом новвой бўлган, отам ҳам. Қонимда борлигигами, билмайман, 14 ёшимда айнан новвой амакига шогирд тушганман.

Бошида оловдан қўрқиб, тандирга киролмаганман. Бир неча маротаба қўлимни куйдириб олганман. Лекин инсон мажбур бўлса ҳаммасини уддасидан чиқар экан. Зеҳним ўткир бўлгани учун икки ойда устозимдан новвойчиликнинг сир-асрорларини ўзлаштириб олганман.

Аввалги ва ҳозирги новвойлар 

Авваллари оилавий новвойхоналар бўлган. Яъни аёллар хамир қилган, нон ясаган. Эркаклар эса ёпган. Дадамнинг ҳам ўз новвойхонаси бор эди. Лекин онам фарзандли бўлганидан кейин отамнинг ўзи қийналиб уни ёпишига тўғри келган.

Ҳозир эса вазият ўзгарган. Мисол учун бизнинг ишхонамизда барчанинг ўз вазифаси белгиланган. Кимдир хамир қилади, кимдир ясайди. Мен эса уни ёпаман. Лекин кемага тушганнинг жони бир деганларидек, вақти келса бир-биримизнинг ишимизни ҳам қилиб кетаверамиз.

Фото: «Дарё»

Одамзод яшар экан, ҳар доим нонга эҳтиёжи бўлади

Ҳар куни саҳардан таҳорат олиб, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, Худо шарманда қилмагин, ўзинг рози бўлгин» деб дуо қилиб бошлайман. Худога шукур, кам бўлганим йўқ.

Иш куним соат 6:00 дан бошланиб, 17:00 гача давом этади. Кунига 1 500 дан ортиқ нон ёпаман. Даромадим — бир ойда 3 миллион сўм. «Заказ»лар кўпайиб кетса, яна қўшимча ҳақ оламан. Хуллас, новвойчилик энг даромадли касб ҳисобланади. Инсон яшар экан ҳар доим нонга эҳтиёжи бўлади. Шунинг учун новвойчилик ҳунари ўлмайди.

Ҳар ким ҳам новвой бўлолмайди

Ҳозирги тенгдошларимнинг асосий мақсади — пул. Қийинликларига чидаб, ҳунар ўрганолмайди. Сабри, бардоши етмайди. Қанча ўртоғим топаётган пулимга қизиқиб, менга ҳам ўргат деб келди. Лекин икки-уч кун ўтмай машаққатларига чидолмай ташлаб кетди. Биринчи галда новвой сабр-тоқатли бўлиши керак.

Ҳар куни саҳар турасиз. Кечгача тик оёқда нон ёпасиз. Шофёрлар-ку, ўтириб ишлайди. Қассоблар «клиент» келганда туриб хизматини қилади, кейин дамини олаверади. Лекин новвойлар тик оёқда камида 12 соат ишлайди. Ўтириб дам оволишга шароит бўлмайди. Сабаби, хамир турган сари кўпчиб, ачийди. Шунинг учун иш пайтида дам олишга рухсат йўқ. Масалан, болаликдан тик оёқда туриб ишлаётганим учун менда варикоз пайдо бўлди. Энг ёмони, оловга киравериб кўз нуримни йўқотяпман...

Фото: «Дарё»

Новвой ҳалол бўлиши керак

Бошқа томондан олиб қараганда, сув билан ўтни бирлашиши — бу илоҳий нарса. Ун оқ, сув оқ. Пок нарсалар билан ишлагандан кейин инсоннинг ўзи ҳам пок бўлиши керак. Шу боис ҳар ким ҳам новвой бўлолмайди.

Ишимизда энг муҳими — ёлғон аралаштирмаслик. Ҳамма янги иш бошлаганда яхши нон тайёрлайди. Тоза ундан фойдаланади, ёғларини ҳам кўп солади. Лекин вақт ўтиб, мижози кўпайганидан кейин айнийди. Ноннинг граммини камайтиради. Маҳсулотларни аяйди. Бу жуда ноинсофлик. Инсон қандай бошлаган бўлса, охиригача шундай ҳалол кетиши керак.

Одамлар билан мулоқот қилиш қийин

Ишимни жуда яхши кўраман. Сидқидилдан бор меҳримни бериб нон ёпаман. Нонларим чиройли чиқиб, харидорлар мақтаб олса, хурсанд бўламан. Лекин ҳаммага бир хил ёқиб бўлмаганидек, танқид қилганлар ҳам кўп бўлади.

Аслида болаликдан оғир-босиқ йигитман. Лекин ҳар хил одам билан мулоқот қилавериб, охирги пайтларда жаҳлдор бўлиб қолдим. Қўпол муомала қилганларга мен ҳам овозимни кўтариб гапирдим. Уришдим. Жеркиб бердим.

Табиийки, бу ишимга таъсир қила бошлади. Ўйлаб қарасам, бу ишим хато экан. Асабларимни йўқотяпман. Кейин кимнингдир кўнглини оғритиш мусулмончиликка ҳам тўғри келмайди. Ҳозир ундай муомала қилганларга кулиб қараб узр дейман, бўлди. Ортиқча гапирмайман.

Фото: «Дарё»

Унутилмас воқеа

Болалигимда мактабга кетиш йўлида новвойхона бўларди. Янги узилган ноннинг ҳиди димоғингизни қитиқлайди. Қорнингиз тўқ бўлса ҳам егингиз келади. Адашмасам, ўшанда биринчи ёки иккинчи синфда ўқирдим. Қўлимда 50 сўм пул бор. Нон 100 сўм эди. Новвой акаларнинг олдига бориб, «акалар, росса иссиқ нон егим келди, лекин пулим етмайди, бераверсизларми?» деб сўраганман. Шунда улар мени мазах қилиб, кулча ёпмаяпмиз, деб нон беришмаган. Бола бўлганимгами, уларнинг устимдан кулишлари қаттиқ таъсир қилган.

Биласизми, орадан қанча йиллар ўтди, лекин ҳалиям хотирамдан кетмайди. Шу керакмиди менга, деб ҳозирам ўйлайман. Мактаб болалари келиб қолса, биронтасини қайтармайман. Текинга нон бераман. Шундай болалар келса-ку деб йўлга қараб, Худодан сўраб тураман.

Фото: «Дарё»

Синовлар инсон учун миннатдорман

Тўғри, яхши кўриб, ўзим хоҳлаб бу соҳага кириб келмадим. Кўп қийинчилик кўрдим. Лекин афсусланмайман. Ҳеч қачон бўлди, ҳаммасини йиғиштираман демаганман. Чунки новвойликдан топаётган пулимдан рўзғоримни тебратяпман. Оиламни боқяпман. Шу касбда ўз ўрнимни топдим. Агар озгина ишимдан норизо бўлсам бу ношукурлик бўлади.

Фото: «Дарё»

Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар бўлмагандай, мен ҳам яқин орада ўз новвойхонамни очишни режа қилганман. Бутун умр бировнинг қўлига қараб юришни хоҳламайман. Бундан ташқари, ишим соғлиғимга таъсир қиляпти. Шу сабаблар мени тезроқ ҳаракат қилишга ундаяпти.

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди.