Халқ таълими вазирлиги Назорат-ҳуқуқий хизмати берган маълумотга кўз югуртирсангиз, фарғоналик яна бир сўконғич ҳокимни «кашф этасиз», деб ёзмоқда Халқ таълими вазирлигига қарашли «Маърифат» газетасининг онлайн нашри.

Саидмурод Аминжонов.
Фото: Данғара тумани ҳокимлиги

«Фарғона ҳокими тунги селекторга чақиртирган мактаб раҳбарлари аварияда ҳалок бўлди» сарлавҳаси остида тарқалган мақоладан сўнг воқеа тафсилотларини ўрганиш мақсадида Фарғона вилояти Данғара туманига борган ХТВ вакиллари туман халқ таълими бўлими мудири Алимардон Содиқов билан суҳбат ўтказган. Суҳбат давомида Алимардон Содиқов туман ҳокими Саидмурод Аминжонов ҳокимликда ўтказиладиган йиғилишларда мунтазам равишда уни камситиб, ҳақоратлаб келаётганини маълум қилган.

2019 йил 23 сентябрь куни соат 8:30 да туман ҳокимлиги мажлислар залида туман ХТБ тасарруфидаги мактаблар директорлари ва тумандаги бошқа ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда ҳам ҳақоратлаб, камситиб, «мудирлик сенга қолгани йўқ» деб сўкиб, ҳайдаб чиқариб юборган. Орадан бир кун ўтиб, Содиқов вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ҳузурига бориб, эгаллаб турган лавозимидан ўз хоҳишига кўра озод этишни сўраб ариза билан мурожаат қилган ва ўша кундан бошлаб ишга чиқмай қўйган.

29 сентябрь куни мактаб директорлари ўринбосарлари кетаётган автомобиль ЙТҲга учраганидан сўнг туман ХТБ раҳбари воқеа жойига етиб борган ва вафот этган 25 ва 26-мактаб директорлари ўринбосарларининг дафн маросими билан боғлиқ барча тадбирларда иштирок этган. Унинг сўзларига кўра, ходимларнинг Фарғона шаҳрига боришлари юзасидан топшириқ берган туман ҳокимлиги мутасаддилари воқеа жойига келмаган, вафот этган ҳамда жароҳат олганларнинг ҳолидан хабар олмаган.

Тумандаги 7 та мактаб директори билан ўтказилган суҳбат чоғида туман ҳокими Саидмурод Аминжонов мактаб директорларини ҳар душанба куни ҳокимлик соатига жалб қилиб, йиғилишни туман халқ таълимини муҳокама қилишдан бошлаб, шу аснода туман халқ таълими бўлими мудири Алимардон Содиқовни кўпчиликнинг олдида изза қилишини, арзимаган камчиликлар учун ҳақоратлаб, камситишини, баъзида эса мактаб раҳбарларини ҳам камситиб, уларни ҳам ҳақоратлашини ўзларининг тушунтириш хатларида маълум қилган.

«Маърифат» газетасининг алоҳида қайд этишича, мактаб директорлари орасида ҳокимнинг турмуш ўртоғи ҳам бор.

«Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мақолада тилга олинган ҳодисаларни ўрганиб, тегишлича ҳуқуқий баҳо беради деган умиддамиз», — деб якунланади газетанинг мақоласи.

Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Шуҳрат Ғаниевнинг ижтимоий тармоқларда соқол, рўмол ва иш жойларида намозга қарши чиқиб, бунга бўйсунмаганларни қамаш билан таҳдид қилгани муҳокама қилинган аудиоси тарқалганидан сўнг, Президент ва сенаторлардан узр сўраган эди.

Қашқадарёда даладан рухсатсиз маккажўхори терган кекса кишини ушлаб, уни неваралари олдида ҳақорат қилган Миришкор тумани ҳокими ҳам ўз хатти-ҳаракати учун узр сўраганди.

Мажбурий ижро бюроси Паяриқ туман бўлими бошлиғи Зафар Қосимов ўз қўл остидаги ходимларни кечқурун йиғиб, уларнинг орасидан ундирув режасини бажармаган ходимларни ўта қўпол ва ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб, шаънини камситаётган видео тарқалганди. Шундан сўнг Зафар Қосимов бўлим ходимларидан кечирим сўраган. Ҳозирда унинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви олиб борилмоқда.