Вазирлар Маҳкамасининг «Айрим ҳудудларда ер ости сувларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Фото: «Зеркало»

Қайд этилишича, Навоий, Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг Нурота, Қўшработ ҳамда Зомин туманлари доирасида жойлашган конлар ҳудудида ер ости сувлари ресурсларининг жадал олиниши натижасида ер ости сувлари сатҳининг пасайиши ва захираларининг камайиши кузатилмоқда.

Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 ноябрдан 2021 йил 31 декабргача Нурота, Қўшработ ва Зомин туманларида жойлашган конлар ҳудудида сув олиш учун қудуқларни қазиш учун рухсатнома олиш жорий этилади.

Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун мўлжалланган қудуқлардан ташқари, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси томонидан:

  • суғориш мақсадлари учун — Сув хўжалиги вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;
  • ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиш мақсадида — Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда тегишли туманлар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда берилади.

Шунингдек, Нурота, Қўшработ ва Зомин туманларида 2020 йилдан бошлаб сувни кам талаб қиладиган экинларни экиш ва етиштиришга, шунингдек, ерларни суғоришда сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланишга босқичма-босқич ўтилади.

Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси Нурота, Қўшработ ва Зомин туманлари доирасидаги ер ости сувларининг сатҳи ва сифати бўйича давлат мониторинги ўтказади. Мониторинг натижаларига кўра, келгусида ушбу ресурсларни олишни чеклашга доир 2019 йил охирига қадар Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.