Фарғона вилоятида XVI асрга тегишли бўлган Қуръон китобининг ноёб нусхасини қирғизистонлик фуқарога 150 минг АҚШ долларига сотишга уринган шахслар қўлга олинди, деб хабар беради «Togri.uz».

Китоб бухоролик 49 ёшли Фарруҳ Шарапов томонидан Фарғонага сотиш учун олиб келинган. Дастлаб, у Қўқон шаҳрида яшовчи таниши Абдумалик Қосимов билан учрашиб, унга ўз режасини айтади. Улар қўшни Қирғизистондан харидор топиб, у билан Фарғона вилоятининг «Чимён» қишлоғида кўришади. Келишувга асосан, Фарруҳ Шарапов 150 минг АҚШ долларини олганидан сўнг, китобни Ўзбекистон чегарасидан айланма йўллар орқали Қирғизистонга ўтказиб бериши керак бўлган.

Ўзбекистон маданият вазирлигининг экспертиза хулосасига кўра, XVI асрда қўлёзма шаклида битилган ушбу «Қуръони Карим» уста ҳаттот Мулла Юсуф Саҳҳоф томонидан китоб шаклига келтирилган ва тахминан XIX аср охири ХХ аср бошларида қайта реставрация қилинган. Мутахассисларнинг фикрича, Самарқанд ҳаттотлик мактаби услубида ёзилган, қарийб 5 асрлик тарихга эга, саҳифаларига олтин суви юритилган, беназир, қўлёзма китобнинг тахминий қиймати 1 миллиард 880 миллион сўмга тенг.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Тарихий, илмий ва бадиий қийматга эга бўлганлиги боис, ушбу Қуръон китоби республика ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши тақиқланган китоблар сирасига киради ва энди китоб Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилади.