Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов «Togri.uz» сайти фаолияти тўхтатилганига муносабат билдирди.

Фото: Facebook / Комил Алламжонов

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ‘Togri.uz’ сайти фаолияти тўхтатилгани бу таъсисчиларнинг ички ва шахсий масаласи бўлиб, сиёсий сабабларга асло боғлиқ эмас.

Шу билан бирга, агентлигимиз юртимиздаги оммавий ахборот воситаларининг сони янада кўпайиши, уларнинг цензурадан ҳоли, эркин фаолият кўрсатиши тарафдори бўлиб, бунинг учун биз барча имкониятларни яратишга тайёр эканлигимизни таъкидламоқчиман.

Ахборот маконидаги рақобат ва хилма-хилликдан энг аввало, халқимиз ва давлатимиз манфаатдор бўлади. Холис, маълум бир шахслар мақсадлари учун эмас, балки эл-юрт фаровонлигига хизмат қиладиган ОАВлар ривожланаверсин ва кўпаяверсин!

Комил Алламжонов, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги ахборот сайтларидан бири бўлган «Togri.uz» ўз фаолиятини тўхтатган эди. Сайт муҳаррири Хуршид Йўлдошевга кўра, 14 октябрь, душанба куни ўз жамоасининг йиғилиши бўлиб ўтган ҳамда унда директор лойиҳани молиялаштириш тўхтатилганини маълум қилган.