Озарбайжон пойтахти Бокуда 15 октябрь, сешанба куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммити бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унда мазкур ташкилотга аъзо мамлакатлар — Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон раҳбарлари, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев иштирок этди. Кузатувчи мамлакат сифатида Венгрия бош вазири, шунингдек, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари анжуманда қатнашди.

Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида илк бор тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этди. Мамлакат ушбу нуфузли халқаро тузилмага жорий йилда қўшилди.

Бу ташкилот 2009 йил 3 октябрда Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида тузилган бўлиб, дастлаб унга Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо эди.

Шавкат Мирзиёев 2018 йил 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган саммитда фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. Жорий йил 5 октябрда Тошкентда Туркий тилли давлатлар Ишбилармонлар кенгаши мажлиси ҳамда Инвестиция форуми ўтказилди.

Алоқалар бундай фаол ривожланар экан, буни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш ҳам зарур эди. Жорий йил 14 сентябрда Ўзбекистон Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига қўшилишини барча аъзо мамлакатлар мамнуният билан қабул қилди. Расмий шахслар, экспертлар ўзбекистонликларнинг туркийлар тарихидаги ўрни, бугунги салоҳияти ва аҳамиятини эътироф этди.

Шавкат Мирзиёев саммитда сўзлаган нутқида Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши табиий ва тарихий жараёнлар ифодаси эканини таъкидлади.

— Туркий Кенгашга аъзолик халқимизнинг туб манфаатларига тўла жавоб беради. Бугунги кунда ўртамизда нафақат маданий-маънавий алоқалар, балки савдо-иқтисодий муносабатлар ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Охирги уч йилда давлатларимизнинг ўзаро савдо ҳажми салкам икки баробарга ошди, мингдан ортиқ янги қўшма ширкатлар очилди. Транспорт қатновлари кенгаймоқда, визасиз тартиб асосида туристлар оқими тобора кўпаймоқда, халқларимизнинг қардошлик ришталари мустаҳкамланмоқда, — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев саммит кун тартибига киритилган масалалар бўйича ўз фикр ва таклифларини билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Президенти тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ва ишончли алоқаларни ўрнатиш учун энг қулай шароитлар яратишни устувор вазифа деб қайд этди. Шу борада қўшма технопарклар, стартап инновация компаниялари ва венчур жамғармалари ташкил этиш, қўшма инвестиция фонди ва туркий давлатлар савдо уйларини биргаликда барпо этиш ташаббусини илгари сурди.

Шавкат Мирзиёев Кенгашга аъзо мамлакатлар аҳолисининг 40 фоизидан ортиғи ёшлар эканидан келиб чиқиб, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида Туркий Кенгаш доирасида Ёш тадбиркорлар форумини таъсис қилиш ва унинг биринчи йиғилишини келгуси йил Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.

Давлат раҳбари йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш орқали Европа, Хитой ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш, «Боку—Тбилиси—Карс» янги темир йўлининг салоҳиятидан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳам амалий таклифлар айтилди.

Ўзбекистон Президенти маданий-гуманитар соҳалар аҳамиятига алоҳида тўхталиб, Кенгашга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан иборат «Туркий адабиёт хазинаси» номли китоблар туркумини ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этишни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига раислик Озарбайжонга ўтиши муносабати билан Илҳом Алиевни қутлаб, муваффақиятлар тилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашув якунида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши еттинчи саммитининг декларацияси ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинди.

Туркий кенгашга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистоннинг тўла ҳуқуқли аъзо сифатида ташкилотга қўшилиши тўғрисида Қўшма баёноти саммитнинг муҳим воқеаси бўлди.