Расмий ташриф билан 17 октябрда Сурхондарёга келган Шавкат Мирзиёев Денов туманидаги «Боғи Эрам» маҳалласида ҳарбийларнинг фарзандлари учун қурилган мактабгача таълим муассасасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Смарт кидс» номли икки қаватли ушбу боғча 150 ўринли бўлиб, чет тилларга ихтисослашган. Болалар инглиз, рус ва корейс тиллари бўйича бешта гуруҳда тарбияланади. Бундан ташқари, боғчада спорт, мусиқа ва санъат турлари бўйича тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган.

Қайд этилишича, унда асосан шу ҳудуддаги ҳарбий шаҳарчада яшаётган ҳарбийларнинг, шунингдек, маҳаллий аҳолининг фарзандлари тарбияланмоқда. Боғчага ишга қабул қилинган 22 тарбиячининг 14 нафари ҳарбийларнинг турмуш ўртоқларидир.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент боғчада яратилган шароитларни кўздан кечирди, тарбиячилар билан мулоқот қилди. Давлат раҳбари боғча тарбияланувчиларига совғалар топширди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Тадбиркорларимизнинг шароитни тушуниб боғчалар қураётгани ҳозирги сиёсатимизга кўмак, — деган Шавкат Мирзиёев. — Бундай боғчалар асосий эътиборни бола тарбиясига қаратади, давлат боғчалари билан рақобатда ишлайди.

Шу ерда Мактабгача таълим вазирлиги ва «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси томонидан ишлаб чиқилган мобил ва модул боғчалар тақдимоти ўтказилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумки, олис ва чекка ҳудудлардаги кам хонадонли аҳоли пунктларида боғчалар қуриш ўзини оқламайди. Шуни ҳисобга олиб, мобил боғчалар таклиф қилинмоқда. Бунинг учун «Isuzu» автобуси боғча хонаси кўринишида модернизация қилиниб, жиҳозланди. «Ақлвой» деб номланган мобил боғчалар чекка ҳудудларга бориб, болаларга кундуз куни таълим-тарбия беради. Яна бир жиҳати, мобил боғчалар учун 2 сотих ерда ўйин майдончаси барпо этилади. Бу болаларга анъанавий боғчалардагидек шароитда тарбияланиш имконини беради.

Фото: Президент матбуот хизмати

Денгиз контейнерларидан қурилган модул боғчаларда 90 нафаргача болани қамраб олиш мумкин. Бундай боғчалар сирти иссиқ ва совуқ ўтказмайдиган материал билан қопланган, унинг ичида ҳам замонавий боғчалардаги каби шароитлар яратилган. Болаларнинг таълим олиши, турли ўйинлар ўйнаши, ухлаши учун яратилган қулайликлар чет эл тажрибасига тўла мос келади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Янги лойиҳаларни мактабгача таълим тизимида кенг ёйиш, мамлакатда боғчалар қамровини келаси йилда 50 фоизга етказиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати