Шавкат Мирзиёев Ангор туманидаги «Ангор Сурхон ғурури» пахта-тўқимачилик кластери даласида пахта ҳосилини кўздан кечирди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш ҳақида 2018 йил январда вилоятга сафари чоғида кўрсатмалар берган эди. Шу асосида Сурхондарёда 6 та тўқимачилик кластери ташкил этилди. Улар жами пахта майдонининг 67 фоиздан зиёдини қамраб олган. 2020 йилда бу кўрсаткични 100 фоизга етказиш режалаштирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Кластер тизими соҳага замонавий технологиялар ва инновацион ишланмаларни жорий қилишда муҳим омил бўлмоқда. «Ангор Сурхон ғурури» масъулияти чекланган жамиятида ҳам янги иш услуби асосида ҳосилдорлик ва маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги оширилмоқда. Кластернинг жами майдони 9 минг 180 гектар бўлиб, шундан 8 минг 100 гектаридан кўпроғига экин экилади. Жумаладан, бу йил қарийб 5 минг гектар ерда ингичка толали пахта етиштирилган.

«Биз еримизга, сарфланаётган харажатга нисбатан кам ҳосил оляпмиз. Нав билан, илмий агротехника билан шуғулланмай қўйгандик. Меҳнат унумдорлиги, манфаатдорлик паст эди. Аслида ерга меҳр берган инсон бой бўлиши керак. Бизнинг мақсадимиз шу. Илм бўлмаса, ривожланиш бўлмайди», — деган Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент ингичка толали ғўза навларини кўпайтириш ва экин майдонларини кенгайтириш, олимларни рағбатлантириш бўйича топшириқлар берди.

«Энди ҳамма кластерлар чорвачилик комплекслари ташкил қилади. Чунки уларда озиқа базаси бор. Чорвачилик ривожланса, гўшт, сут арзон бўлади. Бу халқимиз фаровонлиги, болаларимиз саломатлиги учун муҳим», — деган Президент.

Қайд этилишича, бугунги кунда кластерда 900 дан зиёд ишчи ва мутахассис меҳнат қилмоқда. Келгусида қайта ишлашни кенгайтириш орқали янада кўп иш ўрни очиш режалаштирилган.