Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Денов туманидаги Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмда бўлди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, давлат раҳбари ҳарбий қисмдаги шароитлар, янги ташкил топган бўлинмалар, аскар ва ҳарбий хизматчиларнинг ўқув фаолияти билан танишди.

Саф майдонида Олий Бош Қўмондонга муддатли ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигига бағишланган кўргазмали машғулотлар намойиш этилди. Президент ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намуналарини кўздан кечирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳарбийлар билан мулоқотда Президентга Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмларни замонавий техника ва қурол-аслаҳа билан таъминлаш, қўшинларнинг бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, мазкур қисмда жанговар ва ўқув-тайёргарлик жараёнини автоматлаштиришга доир лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ҳарбийлар халқимизнинг маънавий етук фарзандлари бўлиши керак. Бунинг учун шахсий таркибнинг маънавий етуклигини, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигини юксалтириш лозим. Сиз Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк аждодларимиз ворислари эканлигингизни доим ҳис қилиб, шунга муносиб хизмат қилсангиз, ёшларимиз ватанпарварлик, она юртга садоқат туйғуларини сизлардан ўрганади», — деган Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент аскар ва офицерларнинг жанговар шайлигини ошириш, яшаш ва дам олиш шароитини яхшилаш, уларни уй-жой билан таъминлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш лозимлигини таъкидлаган. Бунинг учун жойларда фаолият юритаётган ҳарбий командирлар, ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятини янада такомиллаштириш кераклиги қайд этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, ҳарбий қурилиш тизимини такомиллаштириш, аскарларнинг маънавиятини ошириш бўйича дастур ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати