«Тоғлик куёв» фильмидаги роли билан мухлисларга яхши таниш бўлган актёр ва каскадёр Йўлчи Ортиқов «Дарё» интернет-нашри учун эксклюзив интервью берди. Интервьюни журналист Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Йўлчи Ортиқов суҳбат давомида ўн уч йилдан буён бирорта фильмда рол ижро этмагани, кино оламидан кетиш сабаблари ҳақида гапириб берди.

Фото: «Дарё»

Ижодкор учун 13 йиллик танаффус жуда катта танаффус. Тасодиф ҳаётда бўлмайди, тасодиф йўқ нарса, ҳаммаси Аллоҳдан. Аллоҳни изми билан, уни ҳукми билан бўлади. Ўн уч йил кўринмай кетганимнинг сабаби қуйидагича. Биласизми, санъатда битта қонуният бор. Санъат бу яратувчанлик. Актёр мана шу яратувчанликни намоён қиладиган санъатнинг бир юзи. Энди бу ерда ‘артистлик’ деган бир сўз бор. Кўпчилик буни артистлик касби дейди, артистлик бу касб эмас. Актёрлик ҳам касб эмас, ижодни касбга айлантириш жуда қийин нарса. Ижод Аллоҳ томонидан берилган бир неъмат.

Ҳақиқий ижод ҳақида гап кетадиган бўлса, шу ижодни тамойиллари нима? Поклик керак, адолат керак, тўғрилик керак, ёлғон бўлмаслиги керак. Иқтидорни бандаси бермайди, Аллоҳ томонидан берилади. Аллоҳ томонидан берилган иқтидорни талаблари бор. Қачон иқтидор ишга тушади. Қачонки, тўғрилик, адолат, ҳалоллик, поклик бўлган жойда Парвардигори Олам бандасига ином этган иқтидор ишга тушади-да, бу ижодга, етук санъатга айланади.

Энди менинг ўн уч йил мобайнида кўринмаслигимнинг биринчи сабаби ҳам ҳозир айтган мана шу гаплардир.

Мени кино санъатидан чиқиб кетишим авваламбор мардлик деб тушунаман. Қайси бир маънода кимдир номардлик дейди, йўқ, бу мардлик шундаки, Аллоҳ берган иқтидорни мана шу хурофотнинг ичида яксон қилиш бу катта гуноҳи азим. Агар уни тушунган инсон бўлса. Ҳалиги, ‘Мансабпараст молига ўч, шуҳратпараст ҳолига ўч’ — дейди. Ўша даврларда ёки мансабпараст ишлайдиган бўлиб қолди ёки шуҳратпараст. Мана шу нарса мени қийнаган. Қалбимни тилка пора қилиб ташлаган.

Мен кўрдимки, бир-иккита одамни хоҳиши билан кўп ишлар амалга ошмас экан. Буни омма хоҳлаши керак, буни атроф-муҳит хоҳлаши керак. Ўша хоҳишни намоён қиладиган, бизни атрофимизда энергетика бўлиши керак. Поклик бўлиши керак. Бу нарса кинода йўқолиб кетди. Менда, киночиларни  ичидаги гапдан, очиғи нафрат пайдо бўлди. Ижодкорлар бир-бирини сотади, бир-бири ҳақида ёмон фикрлайди. Бир-бирининг устидан ғийбат қилади. Яна бир жойда ўтиради-да, яна дўст, биродар, яна келиши билан, яна бир-бирини мақтаб кетади.

Ижодни Аллоҳ неъмат қилиб берган, бу катта мўъжиза. Мўъжизани ер билан яксон қилиш, тушуниб етган одам учун номардлик, шунинг учун мен ижодга қадам қўймай қўйдим. Кўп таклифлар бўлди, 100 дан ортиқ таклифлар бўлди.

Куни кеча ҳам Отабек деган бир йигит сериалга таклиф қилди. Ҳилол Насимов қашқадарёлик бир продюсер билан хусусий фильм олди, фильмни биринчи менга таклиф қилди. ‘Қорақузғун’ деган фильм эди. Мен ўқиб чиқиб, айдимки, ‘бу фильм шу туришида прокатга ҳам тортмайди, ҳеч кимга керак эмас, шундай оласизда полкага қўясиз’, бирон жойга борсангиз, мана мени интервьюга чақирдингиз, мен фильм олганман деб мақтанаман, бўлди. Бу фильм шундан бошқасига ярамайди. Бу фильм ҳеч нарса бермайди деганман. Буни қилиш учун қўшимча маблағ керак, кейин буни плёнкага ўтказиш керак, шу гапларимни гапирдим ва мен одамларга душманга ўхшаб кўриниб қолдим.

Шунинг учун мен асабимни бузиб, ўзимни йўқ қилганимдан кўра, бу майдондан вақтида чиқиб кетишни маъқул кўрдим. Мард, ҳалол майдонда курашади. Номардга эса фарқи йўқ, у курашаверади. Унга қизиғи йўқ, чунки, у номард.  Мен мана шу киносанъатда, ижодкорлар ичида  мард, оқилона, тўғри фикр юритадиган, ҳақиқатан Аллоҳ олдида қалбдан ижодга жонини берадиган одамларни тополмай қолдим.

Менинг ижоддан кетганимни асосий сабаби мана шу. Буларни ичида ўзимни ёмон ҳис қилиб қолдим. Мен Санъат ва маданият институтида ўқиганман, Рустам Усмонов ўқитганлар. Мана шу бугунги кунни ҳамма халқ артистлари, хизмат кўрсатган артистлар, машҳурларни устози Рустам ака Усмонов бўлган. Улар битта гапни айтардилар: ‘Актёрлик санъатида битта фожеа бор, артистлик фожеасини йўқотиш керак. Артистизмга нуқта қўйиш керак. Актёр артистизмни йўқотмас экан, актёр бўлолмайди.’

Йўлчи Ортиқов, актёр, режиссёр, каскадёр