18 октябрь, жума куни тарихда илк бор бир вақтнинг ўзида икки нафар аёл Халқаро космик станциясининг бортидан очиқ космосга чиқди. Улар америкалик астронавтлар Кристина Кук ва Жессика Меир, деб хабар беради «Интерфакс».

Фото: Reuters

Кристина ва Жессика станция фермасининг ишдан чиққан энергоблокини алмаштириши лозим эди. Улар очиқ космосда 6,5 соат қолиб кетиши кутилмоқда.

АҚШ Аэронавтика ва космик фазони тадқиқ қилиш миллий бошқармаси (NASA)нинг таъкидлашича, ушбу миссияни ҳисобга олганда шу пайтгача аёллар очиқ космосга 14 маротаба чиққан, улардан биринчиси Собиқ Иттифоқ космонавти Светлана Савицкая ҳисобланади.

6 ва 11 октябрь кунлари Кук ва америкалик астронавт Эндрю Морган очиқ космосга икки маротаба чиқиб, эски никель-водородли аккумуляторларни янги, анча кучли литий-ионли аккумуляторларга алмаштирган эди.

Бироқ ўтган куни станция аккумулятор батареяларига жавоб берувчи энергоблоклар ишдан чиққани сабаб NASA космик станция бортидан ташқарида амалга ошириши керак бўлган ишларини тўхтатишга мажбур бўлган. Носозликка қарамай, станциянинг электр таъминоти етарли ҳисобланади, бироқ янги литий-ионли батареялар қўшимча қувват бера олмайди.

Ҳар бирининг оғирлиги 194 килограмм келадиган олтита янги аккумуляторлар станцияга 28 сентябрь куни Япониянинг HTV-8 юк ташувчи ракетаси ёрдамида етказилган эди. Ўн йил давомида ишлаши керак бўлган янги аккумуляторлар Халқаро космик станциядаги қуёш батареяларидан қувват олади.