«Дарё» сайтида  ҳафтанинг энг муҳим ва муҳокамали хабарлари шарҳини бошлаймиз.

Ўтаётган ҳафтада барчанинг диққат эътиборини «Ўзбекконцерт» тортди. Аслида мудом концертлар билан банд бўлганлар ҳамиша эътиборда бўлади, бироқ бу сафаргиси истеҳзоли эътибор бўлди.

14 октябрь куни хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг лицензияси тугатилди. Бунгача у ижтимоий тармоқ орқали чиқиш қилиб, «Олларинг мани лицензиямни, маза қилларинг, агар шу билан маданиятли бўлсаларинг. Ман хурсанд бўламан... халқ маданиятли бўлиб кетиб қолса шу билан...» деганди. Аммо хонандани жамоатчилик фаоллари қўллай бошлади, хусусан, Комил Алламжонов, Зафар Ҳошимов, Азиза Умаровалар блогида Жаҳонгирни илиқ сўзлар билан тилга олди. Икки кун ўтиши биланоқ «Ўзбекконцерт» шошилинч мажлис чақирди ва нафақат Жаҳонгир Отажонов, унга қўшиб Шаҳло Аҳмедова, Абдулла Қурбонов, Ҳалима Иброҳимова кабиларнинг лицензиясини ҳам қайтариб берди. Улар Отажоновдан аввалроқ лицензиясидан ажралган эди.

Нега лицензия шошилинч қайтарилганига бирор изоҳ берилгани йўқ. Шу билан бирга, «Ўзбекконцерт» номига истеҳзо аралаш танқидлар давом этмоқда. Буни «Дарё» хабари остидаги изоҳлардан ҳам билиш мумкин.

* * *

Шавкат Мирзиёев Бокуга Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитига борди. Шу куни кечқурун мезбон Илҳом Алиев кенгашга аъзо мамлакатлар давлат ва ҳукумат раҳбарларини меҳмон қилди. Дастурхон устида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва унинг рафиқаси Меҳрибон Алиева, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва унинг турмуш ўртоғи, Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан бўлди.

Фото: Озарбайжон президенти матбуот хизмати

Эртасига бўлиб ўтган саммитда Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, «Туркий кенгашга аъзолик халқимизнинг туб манфаатларига тўла жавоб беради. Бугунги кунда ўртамизда нафақат маданий-маънавий алоқалар, балки савдо-иқтисодий муносабатлар ҳам янги босқичга кўтарилмоқда», деди. Саммитда Ўзбекистон Республикасининг Туркий кенгашга тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қўшилиши тўғрисида қўшма баёнот қабул қилинди.

Шу ҳафтанинг ўзида Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз жанубига сафар қилди. Термизда аввало Ҳаким ат-Термизийни зиёрат қилган президент кейин Ангор туманидаги кластерни кўздан кечирди. Деновдаги ҳарбий қисмда бўлди. Президент ташрифи давомида Жарқўрғонда янги қурилган улкан цемент заводи билан ҳам танишди.

* * *

Вадим Абрамовнинг шогирдлари иккинчи ғалабаси билан мухлисларга қувонч улашди. Учрашувнинг 15-дақиқасида Одил Аҳмедов жарима зарбасини қойиллатиб ҳисобни очди. Биринчи бўлимдаёқ сингапурликлар вазиятни тенглаштирган бўлса, иккинчи бўлимда Элдор Шомуродов жавобсиз иккита тўп уриб, жамоанинг умумий очколарини олтитага етказди.

Шундай қилиб, хорижлик қимматбаҳо мураббийни кузатгач, «оқ бўрилар»имизнинг ови кетма-кет бароридан келмоқда. Саудия Арабистони билан Фаластин муросали ўйин кўрсатгач, Ўзбекистон гуруҳ пешқадамига айланиб қолди.

* * *

Ўзбекистон ҳукумати буғдой ва ун нархини либераллаштиришга қарор қилганидан кейин бу истеъмол маҳсулотларига ўз таъсирини кўрсатди. Энди давлат фермерлардан ва донни қайта ишлаш корхоналаридан дон сотиб олиш нархини сунъий равишда ушлаб турмайди. Шунинг учун ҳам «бўлканон» нархи бирдан кўтарилиб кетди. Ҳозир Тошкент дўконларида нон 1350–1500 сўмдан сотиляпти.

Бу нарх сиз ва бизга таъсир қилмаслиги мумкин. Аммо кам таъминланганлар-чи? Давлат буни ҳисобга олиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларига бериладиган ҳар ойлик пул компенсациясини 50 минг сўмга ошириб қўйди. Яқиндан бошлаб компенсация оладиган аҳоли тоифаларига 14 ёшгача бўлган болалари учун нафақа олувчи оилалар ва белгиланган энг кам миқдорда ёшга доир пенсия олувчилар ҳам қўшилди.

* * *

«Togri.uz» сайти фаолиятини тўхтатди. Душанба куни тарқатилган хабарга кўра сайтни молиялаштириш тўхтатилган. Сайтда илгари «Turon24.uz» ва «Kun.uz» сайтларида ишлаган Сардор Салим, Хуршид Йўлдошев, Алишер Рўзиохунов каби журналистлар фаолият юритар эди.

Сайт нега дабдурустдан ишини тўхтатгани ҳақида бирор изоҳ берилгани йўқ. Фақатгина АОКА раҳбари Комил Алламжонов турли сиёсий мавзудаги тахминлар тарқалиши ортидан изоҳ бериб, «Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ‘Togri.uz’ сайти фаолияти тўхтатилгани бу таъсисчиларнинг ички ва шахсий масаласи бўлиб, сиёсий сабабларга асло боғлиқ эмас», деди.

Видеодан скрин

«Togri.uz» сайти Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашлилиги ҳақида гап-сўзлар юради. Аммо бу ҳақда на ҳоким, на матбуот хизмати бирор марта изоҳ бермаган.

* * *

Ўзбекистоннинг Туркиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Аъзамхўжаев «Kun.uz» мухбирига интервью бериб, Нодира Қодированинг ўлими,  Туркиядаги ўзбекистонликлар, турк сармоядорлари ва бошқа масалалар юзасидан фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг бугунги ҳақиқатни содда тилда ифодалаган энг салмоқли фикри ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди. «Fayzbog.uz» канали унинг фикрини алоҳида ажратиб келтирди; уни сизга тақдим этамиз.

Фото: Telegram / «Fayzbog.uz»

«Дарё» янгиликларини кузатиб боринг. Ўзбекистон ва дунё хабарларидан энг биринчи воқиф бўлинг.