Ҳиндистонда коллеж ўқувчилари бошларига картон қутилар («коробка») кийиб имтиҳон топширгани маълум бўлди. Талабаларнинг билими бундай ҳолатда синовдан ўтказилгани мамлакатда катта шов-шув кўтарди. Бу ҳақда Times of India хабар берди.

Фото: Big World News

Хабарда ёзилишича, суратлар Карнатака штатининг Хавери шаҳри Бхагат тайёрлов коллежининг кимё фанидан имтиҳонлари вақтда олинган. Уларда ўқувчиларнинг парталарда атрофдагилардан кўчирмаслик учун бошларига «коробка» кийган ҳолда саволларга ёзма жавоб бераётганлигини кўриш мумкин.

Коллеж директори вилоят раҳбариятида ушбу ҳодиса учун кечирим сўраган. У ушбу методнинг бошқа мактабларда ҳам фойдаланилганини эшитиб «экспериментал мақсад»да ўз муассасида синовдан ўтказганлигини билдирган.

Шунингдек коллеж раҳбари бундай усулда имтиҳон топширишга ўқувчиларнинг ўзлари розилик бергани ва картон қутиларни ўзлари топиб коллежга олиб келганликларини маълум қилган.

Фото: Twitter

Фото: Twitter

Маориф бўйича маҳаллий ҳукумат вакиллари ушбу воқеа юзасидан коллежга келгани ва раҳбариятга огоҳлантириш жазосини тайинлагани хабар қилинмоқда.