Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят судида 18 октябрь куни судланувчи Маҳмуд Ражаповга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда «Дарё»га Олий суд матбуот котиби маълум қилди.

Фото: Facebook

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, Маҳмуд Ражаповни Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» банди ва 246-моддаси (контрабанда) 1-қисмида кўзда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топди.

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти суди томонидан Маҳмуд Ражаповга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва Жиноят кодексининг 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) қўлланилиб, тайинланган жазони шартли деб ҳисоблаб, 2 йил 6 ой синов муддати белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда 23 сентябрь куни журналист Маҳмуд Ражапов ва унинг яқинлари ИИВ раҳбарияти билан учрашиш учун Тошкент томон пиёда йўлга чиққани, сўнг ички ишлар ходимлари уларни тўхтатиб, бўлимга олиб кетгани ҳақида хабар берилган эди.

Маҳмуд Ражаповнинг бундай ҳаракатларини видеога олиб, жонли эфирда кўрсатиб борган блогер Нафосат Оллашукурова 10 суткалик маъмурий қамоқ билан жазоланган. Жараённинг қолган иштирокчиларига эса энг кам иш ҳақининг бир (223 минг сўм) ва уч баробари (669 000 сўм) миқдорида жарима солинган.

26 сентябрда Нафосат Оллашукурова маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган пайтида руҳиятида ўзгаришлар сезилганлиги учун тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, психиатрнинг тавсияси билан уни вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида кўрикдан ўтказиш учун олиб кетилган. Ҳозирда Нафосат Оллашукурова Хоразм вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида даволанмоқда.