Тошкент шаҳридаги «Конгресс-холл» саройида 21 октябрь, душанба куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари тадбир иштирокчиларини, бутун ўзбек халқини ушбу тарихий сана билан табриклади.

«Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир. Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин», — деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбек тили туркий тиллар оиласига мансуб энг йирик тиллардан биридир. Дунё миқёсида бу тилда 50 миллионга яқин одам сўзлашади.

Мустабид тузум даврида тилимизни йўқотишга кўп уринишлар бўлган эди. Лекин халқимиз ўз она тилини — миллий ғурурини сақлаб қолди. Миллатпарвар зиёлилар, тилимиз фидойиларининг жонкуярлиги натижасида 1989 йил 21 октябрь куни қабул қилинган қонунга асосан, ўзбек тили мамлакатимизда давлат тили мақомига эга бўлди, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, ушбу санадан 30 йил ўтиб бу борада яна бир қадам қўйилди. Шавкат Мирзиёев 2019 йил 21 октябрь куни «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Унга биноан 21 октябрь санаси Ўзбекистонда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди.

Президент ўзбек тилининг давлат ва жамият ҳаётидаги таъсири ва мавқеини янада ошириш, «Давлат тили ҳақида»ги қонунни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Бу борадаги долзарб вазифаларни кўрсатиб ўтди.

Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак. Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти

Тантанали тадбирда депутат ва сенаторлар, ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари, дипломатик корпус вакиллари, тилшунос олимлар ва педагоглар, ёшлар иштирок этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати

Фото: Президент матбуот хизмати