Икки ҳафтадан бери йўқолган колумнист Сарвар уста Гулханийнинг «Зарбулмасал»ини қўлтиқлаб қайтди. Бу китобдан доим қироат қилишга сўз бермоқда.

Замбарак билан чумчуқ овлаш

Фанлар академияси институтини пахтага ҳайдашмоқчи экан. Манба қани, деб ёқамиздан олманг. Тешик қулоқ эшитади-да. Партиялар ва қўмиталар пахтага чиққанда Фанлар академияси ялпайиб ўтирсинми, дегувчилар бор.

Фото: Google Photos

Илм-фан нима? У одамзоднинг оғирини енгил қилувчи, муаммоларига жавоб топувчи воситадир. Академия эса жамики воситаларни ўзида жамлаган ақллар қаймоғидир. Биз бу қаймоқни новвосга бериб семиртиришни кўзлаяпмиз. Дунёнинг етакчи давлатлари табиий ресурс учун эмас, илм-фан кишилари учун очиқ курашаётган замонда олимларнинг қўлига этак, оёғига кирза этик бериб далага ҳайдаяпмиз.

Биз етиб келдик. Космик кемалар коинотни кезиб юрган пайтда ўзбекистонлик олимлар пахта териши шарт. Шунақа вақтда истеҳзо санъатим гуллаб-яшнайди. Давлат олимларга пахта тергизишини нимага ўхшатиш мумкин?

  • Замбарак билан чумчуқ овлашга;
  • Атом билан ўтин ёришга;
  • Bugatti бортида тупроқ ташишга;
  • Хокандозга тилла қоплашга;
  • Шағални зарқоғозга ўрашга;
  • 2 га 2 ни суперкомпьютерда қўшишга;
  • Милтиқ билан душманни калтаклашга;
  • Ҳовузга парашютда сакрашга;
  • Чой ичгани самолётда боришга;
  • Суперкомпрессор билан пуфак шиширишга;
  • Наноматериалдан кетмон ясашга;

..ва яна кўплаб беақллар амалларга.

Қўшимча қилиб айтиш мумкинки, қишлоқ хўжалигида бугун олиб бораётган ислоҳотлар ҳам шиллиққуртнинг кундузи устуннинг тепасига, кечаси пастига қараб ўрмалашига ўхшайди.

Меритократия

Шу кунларда давлат хизматларини ислоҳ қилиш ҳақидаги янги ҳужжатда қўлланган меритократия сўзининг маъносини одамлар излаб юрибди. Меритократия нима?

Сўз охиридаги -кратия қўшимчасидан ҳам бошқарувга алоқадор иборалиги маълум. Меритократия бу «амалга муносиб одамларни ўтирғизиш» усулидир. Меритократик тамойиллар ишлаганда қобилиятли, меҳнаткаш, изланувчан, бир сўз билан айтганда, муносиб кадрлар мансабга тайинланади. Улар танлов асосида саралаб олинади.

Хўш, Ўзбекистонда қайси ташкилот саралаб олади? Бунинг учун президент ҳузурида АРГОС номли ташкилот тузилади. Номи Рим худолари исмидан олинган деб ўйламанг, «Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги» жумласининг русчадаги қисқартмасидир.

Ҳар нарсага шубҳа билан қаровчилар меритократияни технократик утопия деб камситишига қарамасдан, муносибларни саралашнинг ўзиёқ умид уйғотади. Асосийси, «ўзбекча саралаш»да сариқ камзулда кўча тозаловчи Абсамат аканинг гений ўғли қолиб, Тўра Тўраевичнинг думбул арзандаси директор бўлишини йўл қўймаслик.

Ҳеч бўлмаса, давлат органлари меритократия сўзининг маъносини билиб олишади. Бу ҳам прогресс.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.