Миришкорлик 29 яшар аёлни ўзини ўлдириш даражасига етказишда айбланган Ш.Г. исмли шахсга Жиноят ишлари бўйича Касби туман суди томонидан 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда суд мажлисида қатнашган «Дарё» мухбири хабар берди.

Фото: «Дарё»

Миришкор туманининг Янги Жейнов маҳалласида яшаган 29 ёшли жувон Ш.Р.ни ўзини ўлдириш даражасига етказишда айбланганлар — Ш.Г. ва Т.С. лар устидан 2019 йил 12 сентябрь куни бошланган суд иши 21 октябрь куни якуний хулосага келди.

Миришкор туманининг Янги Жейнов маҳалласида яшовчи 29 ёшли Ш.Р. ни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказишда айбланган Ш.Г. Жиноят кодексининг 103-модда (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) 1-қисми, 141-модда («Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш») «а» ва «б» бандлари, 165-модданинг («Товламачилик») 1-қисми билан айбли деб топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Ушбу ишда алоқадорликда айбланган Т.С. эса 141-модда («Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш») 2-қисми «а» банди билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан 2 йил озодликни чеклаш жазоси қўлланилди.

Фото: «Дарё»

Суд марҳума Ш.Р. билан кўришиб юрган ва 1 апрель кунги воқеаларга сабабчи бўлган собиқ ИИБ ходими Зафар Аминов 1 апрель куни кўз ўнгида содир бўлган товламачилик жинояти ҳақида била туриб хабар бермагани учун, жиноят ҳақида хабар бермаслик масаласида келгусида қўшимча суриштирув ўтказиш лозимлигини билдирди ва бу ҳақда Миришкор туман прокурорига маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида миришкорлик жувон ўзи ишлайдиган гўзаллик салонида осилган ҳолда топилгани ва унинг яқинлари қизини ўзини ўзи ўлдириш даражасига олиб келишгани ҳақида сўз борган мақола эълон қилинганди.