Зимбабведаги Хванг миллий паркида охирги икки ой ичида камида 55 та фил очлик ва сувсизлик сабаб ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Фото: AfricansLive

«Вазият жуда оғир. Филлар очликдан ҳалок бўлмоқда ва бу жуда катта муаммо», — дейди Зимбабведаги миллий парк ходими Тинаше Фараво.

Хабарларга кўра, бир нечта фил жасади сув ҳавзалари атрофидаги 50 метрли радиусдан топилган ва бу уларнинг кўлларгача етиб кела олмай ҳалок бўлганлигини билдирмоқда.

Фаравонинг айтишича, миллий парк давлат томонидан молиялаштирилмаяпти ва ўз ҳудудидаги 15 мингта филни озиқ-овқат ҳамда сув билан таъминлай олади. Паркдаги филларнинг умумий сони эса 50 мингдан кўпроқ. Бундай оғир вазият филларнинг қолган қисми ҳудудни тарк этиб мустақил ҳолда емиш ва сув излашга мажбур бўлган.

Бу йил кузатилган қурғоқчилик Зимбабведа ҳосилдорликнинг ҳам пасайишига сабаб бўлди, натижада аҳолининг учдан бир қисмида иқтисодий танглик вақтида овқат етишмовчилиги кузатилмоқда.

Августда БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури ҳисоботида Зимбабвенинг 2 миллион аҳолиси очлик хавфи остида қолаётгани қайд этилган. Мамлакатдаги иқтисодий инқироз ёввойи табиат бойликлари ва қадриятларини асраш учун ҳам маблағ етишмовчилигига сабаб бўлмоқда.

Ушбу оғир вазиятдан чиқишнинг ечими сифатида филларни хорижга сотиш таклиф қилинган, аммо бундай амалиётнинг жорий қилиш таклифи ёввойи табиат бўйича экспертларнинг норозилигини келтириб чиқарди. Улар филларнинг хориж ҳайвонот боғларидаги шароитларда яшашга қийналишини таъкидлаган.