Эрон мудофаа вазири Амир Ҳотамий АҚШ президенти Дональд Трампнинг Теҳронга ҳарбий ҳужум уюштириши ҳақида айтган гапларини Вашингтоннинг омадсизликларини яшириш мақсадидаги «олифтагарчилик» дея баҳолади. Бу ҳақда «Iran.ru» хабар берди.

Фото: PressTv

«Бу муваффақиятсизликка учраган сиёсатдан кейинги талвасани яшириш учун қилинаётган «олифтагарчилик»га ўхшайди», — дея таъкидлаган генерал Ҳотамий.

Мудофаа вазирининг ушбу гаплари Трампнинг Вашингтон ташқи сиёсий мақсадларини амалга ошириш йўлида уруш ҳаракатларига ҳам тайёрлигини билдирган фикрларига жавоб бўлди.

Трамп Яқин Шарқ минтақасидаги Америка аскарларини мамлакатга қайтариши мумкинлигини билдирган. У АҚШ янги ҳарбий низоларга аралашишга ҳам тайёр эканлигига урғу берганди.

Эҳтимол уруш олиб боришимизга тўғри келар. Биз воқеаларнинг бундай ривожланишига ҳам тайёрмиз. Улар Эрон жавоб ҳаракатларини амалга оширган вақтда ҳар доимгидан ҳам кўпроқ ҳайрон қолади. Биз вазиятга қараб иш кўрамиз.

Агар АҚШ бу борада хатога йўл қўйса, биз аввалгидан ҳам кучлироқ ва уларни баттар шарманда қиладиган жавоб қайтарамиз.

Амир Ҳотамий, Эрон мудофаа вазири

Шунингдек, у Эрон қуролли кучлари миллат ҳамда мамлакат чегараларини қўриқлашга шайлиги ва ҳар қандай таҳдид ёки ортиқча талабларга муносиб жавоб қайтаришини билдирди.