Чақмоқнинг бир чақнашида тахминан 5 миллиард жоуль энергия жамланган бўлади. Битта кичикроқ чақмоқ заряди билан бутун бошли уйнинг бир кунлик электр энергиясига бўлган талабини қондирса бўлади. Йирик чақмоқларнинг энергияси эса атом бомбаси портлагандаги энергия миқдорига тенг. Агар инсоният қазилма ёқилғи ўрнига, бошқа энергия манбаларидан фойдаланиш ҳақида бош қотираётган экан, хўш, унда нега чақмоқ энергиясидан ҳам фойдаланиш хусусида ҳеч қандай амалий ҳаракат кўрмаяпмиз?

Фото: Google Photos

Албатта, ҳаммаси ҳам бир қарашда биз ўйлаганимизчалик жўн эмаслигига кўпчиликнинг ақли етади. Шунга қарамай, чақмоқ энергиясидан заряд олиб ишлайдиган кир машина бўлса, жуда ажойиб бўларди.

Муаммолардан энг каттаси шуки, чақмоқ энергияси жуда қисқа муддатда, саноқли лаҳзалар ичида жуда тор ҳаво йўлагида тўпланади ва сочилиб кетади. Агар олимлар ушбу бир неча микросекунд вақт ичида тўпланадиган чақмоқ зарядини «тутиб қолишни» уддалаган тақдирда ҳам, бирданига пайдо бўлган бир неча миллион волт кучланишни қаерда ва қандай сақлаш масаласи кўндаланг бўлиб чиқади. Албатта, бунинг учун махсус материаллар, чақмоқни тутиш ва унинг энергиясини фойдали энергияга айлантириш системаси, кейин эса ушбу энергияни сақлаш, қайта ишлаш ва истеъмолчига узатиш системасини барпо қилиш керак бўлади.

Бунга кетадиган сарф-харажат эса олинадиган натижадан каттароқ бўлиши эҳтимоли катта. Бир қарашда узун металл стержен ёрдамида ҳаводан чақмоқ электр зарядларини тутиб олиш мумкиндек кўринади. Бироқ амалда бундай механизмни тайёрлаш фавқулодда мушкул. Чунки чақмоқ келиб урадиган зарбага дош берадиган металл устунни ясаш жуда қийин. У биринчи зарбадаёқ майдаланиб кетиши эҳтимоли бор. Боз устига ҳозирда чақмоқ айнан қачон ва қаерда уришини аниқ ҳисоблаб берадиган технологиялар мавжуд эмас. Қолаверса, чақмоқни тута олган тақдирда ҳам, олимлар унинг мусбат ёки манфий заряддан қайси бирини ташиётганини олдиндан била олмайдилар. Яъни чақмоқ зарядини аниқлайдиган технологиянинг ўзи йўқ.

Океанография ва атмосфера тадқиқотлари АҚШ миллий бошқармаси мутахассисларининг ҳисоб-китобларига кўра, чақмоқ уриши пайтидаги зарба частотаси сониясига 44 мартагача бўлар экан. Тасаввур қиляпсизми, чақмоқ бир жойга зарба берганда у ўзидаги катта куч билан айнан шу жойнинг ўзига бир сонияда 44 мартагача зарба берар экан. Шунга кўра, чақмоқнинг айнан қаерга уришини олдиндан аниқ айтиш эҳтимоли ҳам атиги 44 фоизни ташкил қилади холос. Қолаверса, чақмоқлар асосан тропикларда ва алоҳида олис тоғ ҳудудларида кўпроқ учрайди. Бу эса мазкур йўналишдаги илмий тадқиқотлар учун катта тўсқинлик пайдо қилади. Ва одатда чақмоқ кўп чақадиган жойларда одам кам яшайди ёки деярли яшамайди ва бу жойларда энергияга бўлган эҳтиёж минимал бўлади. Шунга қарамай, ҳозирда жаҳон энергетикасида чақмоқ энергиясидан фойдаланиш масаласи ҳам оз бўлса-да ўрганилмоқда ва балки келажакда бу борада ҳам яхши янгиликлар бўлиб қолса, ажабмас.

Музаффар Қосимов