Қозоғистонда операторлар рўйхатдан ўтмаган фойдаланувчиларнинг мобил алоқасини оммавий равишда узиб қўйишни бошлади. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

Фото: «Kazlenta.kz»

Абонентларнинг сўзларига кўра, улар қўнғироқни амалга ошириш учун рақам терган вақтларида мобил телефон экранида қурилманинг рўйхатдан ўтказилмаганлиги ҳақида хабар пайдо бўлмоқда. Алоқа абонент СМС орқали ўз СТИРини (солиқ тўловчининг идентификацион рақами) юбориб рўйхатдан ўтгачгина қайта тикланмоқда.

Мамлакатнинг айрим шаҳарларида одамлар мобил алоқа операторларининг салонларига тўпланиб ўз шикоятини баён қилмоқда. Масалан, пойтахт Нур-Султоннинг ўзида 24 октябрь, пайшанба куни салонлардан бирида 40 нафар норози абонент тўпланган. Консултантлар йиғилганларга вазиятни тушунтириб, СМС орқали СТИРни юборганларнинг алоқа хизмати соат 14:00 дан кейин ёқиб берилишини маълум қилган.

Қозоғистон рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлигининг телекоммуникациялар қўмитаси абонентларни рўйхатга олиш жараёни 1 январда ўз якунига етгани ва агар фуқаро ўз телефонини ушбу санадан кейин харид қилган бўлса, у ҳолда СМС орқали СТИРни юбориб рўйхатдан ўтиши ёки алоқа операторига мурожаат қилиши кераклигини билдирган.

Қозоғистонда абонентларнинг мобил қурилмаларини мажбурий рўйхатдан ўтказиш юзасидан норматив ҳужжат жорий йилнинг бошида кучга кирган. Қонунчиликка мувофиқ алоқа хизматлари фақат рўйхатдан ўтган абонентларга кўрсатилади.

Аввалроқ Ахборотлаштириш ва жамият тараққиёти вазири Даурен Абаев ушбу жараён 2016 йилда экстремизм ва терроризмга қарши кураш сифатида бошланганини таъкидлаган.

Вазирнинг айтишича, ушбу норма мобил қурилмаларнинг ўғирланишига қарши курашда ҳам ҳуқуқ-тартибот органларига ёрдам беради.

Ўтган йилнинг декабрь ўрталарида Қозоғистоннинг 70 фоиз аҳолиси мобил қурилмаларини рўйхатдан ўтказганлиги хабар қилинган.

Ўзбекистонда ҳам 1 ноябрдан бошлаб фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларнинг IMEI кодлари рўйхатга олинади.

Бунда рўйхатга олиш жисмоний шахслар, импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимига мурожаат қилиши орқали 2019 йил 1 ноябрдан бепул, 2019 йил 1 декабрдан эса пулли асосда амалга оширилади.