АҚШнинг Арканзас штатида буғу ўзини ярадор қилган овчини шохлари билан сузиб ўлдириб қўйди, деб хабар беради Fox4 News.

Фото: Wikimedia

Кўнгилсиз ҳодиса Елвилл шаҳри яқинида 24 октябрь куни содир бўлган. 66 ёшли Томас Александр ов давомида буғуни отган. Унинг ростдан ҳам ўлган ёки ўлмаганини билиш учун ҳайвоннинг олдига яқинлашган. Бироқ шу вақт буғу оёққа туриб, эркакка шохлари билан жароҳат етказа бошлаган.

Овчи турмуш ўртоғига қўнғироқ қилган. Аёл томонидан чақирилган қутқарувчилар Томасни шифохонага олиб борган, бироқ унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Штатнинг овчилик ва балиқчилик масалалари бўйича комиссияси эркак ростдан ҳам буғу шохлари оқибатида ёки бошқа бир касаллик сабабли вафот этгани аниқ эмаслигини таъкидлаган.

Штат комиссиясининг тавсиясида «ўлдирилган» буғуга 30 дақиқагача яқинлашмаслик айтилган. Ҳайвон шунчаки карахт ҳолатга тушиб қолган бўлиши мумкин.

Ярадор буғу топилмаган.