АҚШ президенти Дональд Трамп ИШИД террористик ташкилотининг етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг Америка ҳарбийлари ўтказган махсус операцияда ўлдирилганини эълон қилди, деб ёзмоқда Meduza.

Фото: Reuters

«Ал-Бағдодийнинг ўлими сабаб дунёда адолат қарор топди», — дея таъкидлаган Трамп махсус мурожаатида. Трампнинг Оқ уйдан туриб қилган мурожаати Reuters агентлиги томонидан транляция қилинди. АҚШ давлат раҳбарининг айтишича, тиббий экспертиза Ал-Бағдодийнинг ўлганлигини тасдиқлаган.

Трамп мурожаати давомида ушбу қўшма операцияда иштирок этган ҳарбийларнинг ҳаммасига миннатдорчилик билдирди. АҚШ президенти биринчи навбатда мамлакат ҳарбийларига, Россия, Туркия, Ироқ, Сурия ҳамда курд жангари гуруҳларига ташаккурини билдирди.

«У итдек ўлди. Энди дунё анча хавфсизроқ бўлади», — дея қайд этган Трамп баёноти сўнгида.

Трамп мурожаатидан кейин журналистларнинг саволларига жавоб бериш вақтида Россиянинг Идлиб вилоятида Америка авиациясининг ҳаво бўшлиғидан фойдаланишга имконият яратиб берганлигини таъкидлаган.

Аввал ИШИД террористик ташкилотининг етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ўлдирилганлиги хабар қилинган, аммо унинг ўлими ҳақидаги фактлар расман ўз тасдиғини топмаганди. Шунингдек, энди ИШИД раҳнамоси бўлишга икки нафар даъвогар борлиги ва уларнинг Бағдодийга ёрдамчи бўлганликлари маълум қилинган.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.