ИШИД террористик ташкилотининг раҳнамоси Абу Бакр ал-Бағдодий яширинган жойни аниқлашда унинг асосий ёрдамчиларидан бири берган маълумотлардан фойдаланилган. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: Daily Star

Хабарга кўра, Исмоил ал-Итавий ал-Бағдодийнинг бешта асосий ёрдмачисидан бири бўлган. У 2006 йилда «Ал-Қоида» аъзосига айланган, 2008 йилда АҚШ ҳарбийлари томонидан қўлга олинган ва тўрт йил қамоқда сақланган. Қамоқдан чиққанидан кейин Бағдодий томонидан ал-Итавийга ИШИД жангариларининг бошлиқларини тайинлаш ҳуқуқи берилган.

АҚШ, Туркия ва Ироқ махфий хизматлари шу йили ўтказган қўшма операцияда ИШИДнинг бир нечта аъзоси, жумладан тўрт нафар ироқлик ва суриялик террорчилар қўлга олинган. Улар ал-Бағдодий билан Суриянинг қайси қисмида учрашганлиги ҳақида ахборот берган, шундан сўнг Марказий разведка бошқармаси у ерга ўз кучларини ташлаган.

Ҳаракатлар натижасида 2019 йил ўртасида ал-Бағдодий ўз оиласи ва энг яқин уч ёрдамчиси билан Идлибдаги бир қишлоқдан бошқасига кўчиб ўтаётгани аниқланган. Сўнгра разведка идоралари ходимлари Идлиб бозорида ироқлик бегона шахсни пайқаб, унинг ал-Итавий эканлигини аниқлаган. Итавийни кузатиб юриш натижасида Бағдодий яширинган макон қаерда эканлиги аниқланган.

Тўпланган маълумотлар МРБга тақдим қилингач, бошқарма ходимлари сунъий йўлдош ҳамда дронлар ёрдамида маҳаллий ҳудудни беш ой давомида ўрганган.

Бағдодий бир қишлоқдан бошқасига кўчиб ўтганидан икки кун ўтгач уни йўқ қилиш бўйича махсус операция бошланган.

Бағдодийни йўқ қилиш бўйича операция амалга оширилган ҳудуд

Фото: The Sun

ИШИД раҳнамоси Абу Бакр ал-Бағдодий Идлиб вилоятидаги АҚШ ҳарбийлари бошчилигида ўтказилган махсус операциясида йўқ қилингач унинг раҳбарлик курсиси Абдулла Қардошга ўтиши тахмин қилинмоқда. Newsweek журнали берган маълумотга кўра, ал-Бағдодий август ойида Қардошни ташкилотдаги юқори раҳбарлик лавозимига тайинлаган.

Журналнинг махфий манбаси берган ахборот бўйича Бағдодий сўнгги вақтларда террористик ташкилотга раҳбарлик ишларидан узоқлашган ва Қардош унинг валиаҳди бўлиши тахмин қилина бошланган. Newsweek’нинг ёзишича, ал-Бағдодий номинал етакчи бўлган, лекин ҳарбий ҳаракатлар ва операцияларда иштирок этмаган. У асосан қисқа жавоблар берган яъни ҳа ёки йўқ деб ишга ўз рухсатини бериб турган. Операцияларни режалаштириш билан шуғулланмаган.

Аввал Бағдодийнинг икки нафар ёрдамчиси Абу Абдул Раҳмон ал-Жезураий ва Абу Усмон ал-Фарансий ИШИДнинг янги раҳнамоси бўлиши мумкинлиги хабар қилинган.

АҚШ президентининг милллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт O’Брайан ал-Бағдодийнинг мурдаси қолдиқлари ҳам Усама Бен Ладен жасади каби денгизга оқизилиши мумкинлигини маълум қилди, деб хабар берди CNN. «Ал-Қоида» террористик ташкилоти етакчиси бўлган Бен Ладен 2011 йил 2 майда Покистонда ўлдирилган ва унинг жасади Араб денгизига ташлаб юборилганди.

26 октябрда АҚШ ҳарбийлари 26 октябрь куни Сурияда ИШИД террористик ташкилоти етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийга қарши махсус операция ўтказилгани ва террорчининг душман қўлига тушмаслик учун ўзини-ўз портлатиб юборгани хабар қилинган, кейинчалик АҚШ президенти Дональд Трамп Ироқ, Сурия, Америка, Россия, Туркия ва курдларга операциядаги ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирган ва Бағдодийнинг «итдек ўлим топгани»ни қайд этиб, маълумотни расман тасдиқлаганди.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.