Мамлакатда тинчлик ўрнатилса, Афғонистон ҳудудида халқаро ҳарбийларнинг бўлишига эҳтиёж қолмайди. Бу ҳақда репсублика бош вазири Абдулла Абдулла «Russia Today» нашрига берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзмоқда «Afghanistan.ru».

Фото: Baztab

Ҳукумат раҳбари хорижлик ҳарбийларнинг «Ал-Қоида» ҳамда ИШИД таҳдидларини бартараф қилиш мақсадида Афғонистон ҳудудий яхлитлигини қўриқлаётганлигини билдирди.

Афғонистон бош вазири Абдулла Абдулла америкалик ҳарбийларининг мамлакат ҳудудида эканлиги АҚШ хавфсизлигига таҳдидлар мавжуд экани билан боғлиқлигига урғу берди.

«Афғонистонликлар мамлакатда хориж ҳарбийларининг бўлишини истамайди, бироқ бу ердаги шароитлар вазиятнинг шундай бўлишига олиб келган», — дея таъкидлаган Афғонистон бош вазири.

Шунингдек, Абдулла Абдулла Хитойда бўлиб ўтадиган Афғонистонга бағишланган халқаро учрашув «Толибон» ҳаракати вакилларининг зўравонлик ва куч ишлатишни тўхтатишини таъминласа, мамлакатда тинчлик ҳукмрон бўлишини қайд этди.

Афғонистон ҳукумати мамлакатда тинчлик бўйича йўл харитасини ишлаб чиқмоқда. Ушбу еттита банддан иборат таклифларда АҚШ ҳамда НАТО ҳарбийларининг мамлакатдан чиқиб кетиши ҳам кўзда тутилган.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.