Инсон ҳуқуқлари бўйича Ироқ олий комиссияси Бағдоддан 100 километр жанубдаги Карбало шаҳрида бўлиб ўтаётган норозилик намойишларида ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда халқ ўртасида юзага келган тўқнашувда 18 нафар одам ҳалок бўлгани ва 800 га яқин одамнинг турли даражадаги тан жароҳатлари олганлигини эълон қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: Pars Today

Намойишда иштирок этаётганлар шаҳарга ҳукумат томонидан юборилган ички ишлар идоралари ходимларининг халқ ғалаёнини бостириш учун зўравонлик қилгани, ҳаддан ортиқ даражада куч ишлатгани ва ўқотар қуроллардан фойдаланганликда айблаган. Норозилик иштирокчилари ижтимоий тармоқларга ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг куч ишлатганлари ҳақидаги видеоларини жойлаштирган. Тасвирларда ўнлаб одамларнинг полиция ходимлари ўқларидан яширинаётгани акс этган. Шунингдек, видеоларнинг бирида полиция машинасининг одамлар устига бостириб бораётганлиги яққол кўринади.

Карбало шаҳри полицияси раҳбарияти баёнотида эса норозилик билдираётган одамларга нисбатан куч ишлатилмаганлиги ва ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар ҳақиқатга зид эканлиги билдирилган. Шаҳардаги кучишлатар тизим тузилмалари оммавий ахборот воситаларига хабар тарқатишдан аввал уни яхшилаб текширишни тавсия қилмоқда. Шунингдек, шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси намойишлар вақтида 112 нафар одамнинг турли тан жароҳатлари олганини маълум қилган. Sky News Arabia нашри эса ҳукуматдаги ўз манбаларига асосланиб юзига ниқоб таққан одам норозилик иштирокчиларига ўқ узиб 13 нафар ироқликни ўлдиргани ҳақида хабар берди.

Ироқнинг бир нечта вилоятида ҳукуматга қарши норозилик намойишлари 1 октябрда бошланган. Одамлар Бағдодда, мамлакатнинг жанубий ва шимолий вилоятларида ҳукумат истеъфосини талаб қилмоқда. Аммо дастлаб тинчлик билан бошланган митинглар тезда халқ билан полициячилар ва ҳарбийлар ўртасидаги кескин тўқнашувларга уланиб кетган. Намойишларда 157 нафар одам: 149 нафар фуқаро ва 8 нафар хавфсизлик хизмати ходимлари ҳалок бўлган, қарийб 3,5 минг одам турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

Маълум вақт давом этган танаффусдан кейин намойишлар яна қайта бошланган ва мамлакатнинг бошқа вилоятларидаги халқ ҳам ҳукумат истеъфосини талаб қилиб чиққан. Ҳукуматга қарши намойишларда бир нечта давлат муассасаларининг бинолари ва сиёсий партияларнинг офислари ёқиб юборилган. Норозилик ҳаракатлари сабаб Бағдод шаҳрида ярим тундан тонгги соат олтига қадар давом этувчи «комендантлик соати» эълон қилинган. Қайта бошланган намойишларда ҳалок бўлганларнинг 74 нафарга етгани хабар қилинганди, 29 октябрь ҳолатига кўра уларнинг сони 80 нафардан ошган.