Ливанда 17 октябрда бошланган норозилик намойишлари ҳалигача давом этмоқда. Маълумотларга кўра норозилик акцияларида аҳолиси 4 миллион бўлган мамлакатнинг ярмидан кўпи 2 миллиондан кўп одам иштирок этмоқда. Намойиш ўтказаётган фуқаролар Саъд Ҳаририй бошчилигидаги амалдаги ҳукумат истеъфосини талаб қилмоқда. Намойиш фаоллари мамлакатдаги асосий автомагистрал ва катта шаҳарлар ҳамда пойтахтнинг асосий кўчаларини ёпиб қўйган. Ливандаги банклар, мактаб ва университетларда ҳам жараён тўхтаган. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: Reuters

Ливан банклар ассоциацияси 28 октябрда мижозларга банкоматлар орқали хизмат кўрсатилиши ва ускуналар фуқароларнинг маошни ўз вақтида олиши учун етарли даражада нақд пул маблағлари билан таъминланишини эълон қилди.

«Банклар мамлакат кўчаларидаги намойишлар сабаб мижозлар учун эшик очишдан қўрқмоқда. Шунингек, улар бозордаги талабни қондира олмаслиги, мижозларнинг депозитларини Ливан ташқарисига олиб чиқиб кетишидан чўчимоқда», — дея таъкидлаган Ливандаги энг катта банклардан бирида етакчи менежер бўлиб ишловчи Ияд Асад.

Унинг сўзларига кўра мамлакат аҳолиси ҳам банклар очилса, миллий валютанинг АҚШ долларига нисбати ўзгариб кетиши ва фуқароларнинг молиявий ҳолати оғирлашиши мумкинлигидан хавотирда. Ливан Марказий банки раҳбари агар муаммога ечим топилиб, оммавий намойишлар тўхтатилмаса мамлакат иқтисодиётида оғир инқироз бошланишини билдирган.

Ливан президенти Мишел Аун октябрь бошида давлатнинг молиявий чекловлар ва санкциялар сабаб оғир аҳволда экани ва банк секторида тақчиллик кузатилаётганини маълум қилган. Доллар бериш чегаралангани, хориж валютасини нақд кўринишда олиш учун комиссия фоизи ошириб қўйилгани тадбиркорлар фаолиятида ҳам фуқароларда ҳам бир қатор молиявий муаммоларни юзага келтирган. Тақчиллик АЁҚШ, ун тегирмонлари ва фармасевтика компаниялари фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ливанда аҳолининг ҳукуматга қарши норозилик намойишлари вазирлар маҳкамасининг халққа WhatsApp (ойига 6 доллар) ва бошқа ижтимоий тармоқларда фойдаланганлик учун солиқ солишни кўзда тутган қарор чиқаргани, шунингдек, тамаки маҳсулотлари учун (импорт қутиси учун 1,3 доллар, маҳаллий қути учун 0,5 доллар) йиғимлар жорий этгани сабаб бошланган. Ҳукумат қўшимча қиймат солиғи миқдорини ҳам 2022 йилда 15 фоизга кўтармоқчи эканлигини маълум қилган. Ливан алоқа вазири Муҳаммад Шукур 18 октябрда WhatsApp солиғи бекор қилинганини эълон қилди, кейинчалик вазирлар маҳкамаси вазирлар ва депутатлар маошини 50 фоизга қисқартирилишини билдирди, аммо ушбу ҳаракатлар намойишларни тўхтата олмади.

2019 йилда Ливандаги дастлабки норозиликлар апрель охирида бошланган ва май охирга қадар давом этган. Баҳорда ўтказилган намойишларда касаба қўмиталари ҳукуматнинг 2019 йил молиявий йили учун тасдиқланган давлат бюджетида давлат органлари ходимлари ва истеъфодаги ҳарбийларнинг маош ҳамда ижтимоий тўловларнинг қисқартирганлиги сабаб бўлганди.