Ливан бош вазири Саад Ҳаририйнинг коалицион маҳкамада ўзи эгаллаб турган лавозимни тарк этиши ва истеъфога чиққанини эълон қилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Al Hadath телеканали ҳукуматдаги манбаларига асосланиб хабар берди, деб ёзган «ТАСС».

Ливан бош вазири Саад Ҳаририй
Фото: Tehran Times

Хабарга кўра, Ҳаририй Ливан президенти Мишель Аун ва парламент фракцияларидаги ҳамкорлари билан аҳоли вакиллари Байрутдаги норозилик намойишларида талаб қилаётган вазирлар маҳкамасидаги ўзгаришларни келиша олмаган.

28 октябрь, душанба куни Ливан Марказий банки раҳбари Риад Салом CNN телеканалига берган интервьюсида агар муаммога ечим топилиб, халқнинг ҳукуматга ишончсизлиги давом этса ва оммавий намойишлар тўхтатилмаса, мамлакат иқтисодиётида оғир инқироз бошланишини билдирган.

Шунингдек, Ливан банклар ассоциацияси 28 октябрда мижозларга банкоматлар орқали хизмат кўрсатилиши ва ускуналар фуқароларнинг маошни ўз вақтида олиши учун етарли даражада нақд пул маблағлари билан таъминланишини эълон қилганди. Норозилик билдираётган оломон Ҳаририй истеъфоси, парламентнинг тарқатиб юборилиши ва муддатидан аввал сайловлар ўтказилишини талаб қилмоқда.

Ўтган ҳафтада намойишчилар Мишель Ауннинг ҳукумат билан конструктив диалог қилиш ва вазирлар маҳкамаси таклиф қилган инқироздан чиқиш бўйича ислоҳотлар режасини бирга муҳокама қилиш бўйича билдирган таклифини рад этган.

Ливандаги аҳолининг ҳукуматга қарши норозилик намойишлари 17 октябрда вазирлар маҳкамасининг WhatsApp (ойига 6 доллар) ва бошқа ижтимоий тармоқлардан фойдаланганлик учун солиқ солиши, табак маҳсулотлари учун (импорт қутиси учун 1,3 доллар, маҳаллий қути учун 0,5 доллар) йиғимлар жорий этиши сабаб бошланган. Норозиликлар бошлангач Ливан алоқа вазири 18 октябрда WhatsApp солиғи бекор қилинганини эълон қилди, кейинчалик Ҳаририй бошқарувидаги ҳукумат вазирлар ва депутатлар маошини 50 фоизга қисқартирилишини билдирди, аммо ушбу чора-тадбирлар ҳам намойишларни тўхтата олмаган.

Ливан бош вазири Саад Ҳаририй 2017 йилда ҳам истеъфога чиқишини эълон қилган ва мамлакат ҳудудини тарк этган. Кейинчалик ушбу баёнотни Саудия Арабистони босими остида берганлигини таъкидлаб, Ливанга қайтган ҳамда унинг истеъфоси бекор бўлганди.